Байден журналистларга Россияга қарши янги санкцияларни сўзлаб бермоқда. Вашингтон, 2024 йил 20 феврал.
Фото: Chip Somodevilla / Getty Images

5 март куни бўлиб ўтган «суперсешанба»дан сўнг 2024 йил ноябрида 81 ёшли Жо Байден ва 77 ёшли Доналд Трамп кураш олиб бориши борасидаги барча шубҳа-гумонлар тарқалди. The New Yorker журнали АҚШнинг амалдаги президенти ўзининг сўнгги сайлов кампаниясини қандай олиб бораётгани ҳақида катта мақола эълон қилди. Байденнинг ўзи ва унинг маслаҳатчилари билан сўзлашган журналист Эван Оснос шундай хулосага келган: Байден ўз ғалабасига мутлақо шубҳа қилмаяпти. Боз устига, Трампни ўзидан бошқа ҳеч ким енга олмаслигига унинг ишончи комил.

5 март куни АҚШда «суперсешанба» — бир йўла 15 та штатда праймеризлар бўлиб ўтди. Доналд Трамп уларнинг 14 тасида ғалаба қозонди ва фақат Вермонтда Никки Ҳейлига мағлуб бўлди. Эртаси куни, натижалар эълон қилингач, Ҳейли сайлов пойгасидан чиқиши ҳақида баёнот берди, бироқ Трампни қўллашдан бош тортди.

Жо Байден эса 15 та штатнинг барчасида, айримларида Путин ҳавас қиладиган 90 фоиз овоз тўплаб праймеризда ғалаба қозонди. Лекин у 44 йил ичида дастлабки овоз беришда ютқазган илк амалдаги президент ҳам бўлди. Америка Самоасида унга бор-йўғи 91 киши овоз берган.

Демократлар учун бош муаммо Байден маъмуриятининг Исроил ва Фаластинга нисбатан сиёсатидан норози сўл активистларнинг «ҳаммага қарши» овоз бериш бўйича чақириқлари бўлди. «Суперсешанба»да бундай банд олтита штатда ўтган сайлов бюллетенларида бўлган ва уни 6–19 фоиз демократлар танлаган. Мичигандаги 110 минг аҳолисидан тенг ярми келиб чиқиши араблардан бўлган Дирброн шаҳарчасида Байден 40 фоиз овоз тўплади, «ҳаммага қарши» овоз эса 56 фоизни ташкил этган. Бу ҳол иккиланаётган бу штатда Байденнинг мағлубиятга учрашига олиб келиши мумкин.

Формал жиҳатдан праймериз июн ойи бошларигача давом этади, бироқ ҳар икки номзод 5 ноябрда ўтадиган президентлик сайловига диққатини тўлиқ қаратади.

Танқидчилар Байденни президентлик муддатида ички ва ташқи кризислар жуда кўп рўй берган Жимми Картерга ўхшатишади. Партия ичида Картердан норозилик шу даражага етганки, сенатор Эдвард Кеннеди унга праймеризда чақирув қилган. Кеннеди ютқазган, лекин унинг ортидан Картер ҳам республикачи Роналд Рейганга мағлуб бўлган.