Бир гектар ердан фойда олиш даражаси Ўзбекистонда 300 доллар, Туркияда эса 6000 доллардан ошади. Ердан кам ҳосил олинаётгани боис таннарх ошиб бормоқда ва натижада Афғонистон бозорини нисбатан арзонроқ бўлган Ҳиндистон маҳсулоти эгалламоқда. Маҳаллий масъул идоралар экспортга чиқарилаётган маҳсулотларни тегишли ҳужжатларини халқаро стандартларга мос тарзда расмийлаштиришни билишмайди. Бу эса минглаб доллар турадиган товарларни у экспорт қилинган давлатда қабул қилинмай, утилизация қилинишига сабаб бўлмоқда. Kun.uz соҳа мутахассислари билан мева-сабзавот экспортидаги янгилик ва ечимини кутаётган муаммолар ҳақида суҳбатлашди.

Истаймизми, йўқми, Ўзбекистон – аграр мамлакат. Яъни иқтисодий туриш-турмушимизда ҳали ҳам ерда унадиган маҳсулотларнинг улуши катта. Шу билан бирга қишлоқ хўжалигимиз потенциали тўлиқ юзага чиқишидан ааанча йироқдамиз. Нега? Чунки...

Чунки “потенциал” сўзи “ислоҳот” сўзи билан – бир-биридан ажралмас эгиз ака-укалар: тўғри ислоҳотлар натижасида ҳар қандай соҳанинг потенциали юзага чиқади. Ўзбекистон ўз қишлоқ хўжалигини охирги йилларда ислоҳ қилиш йўлидан боряпти: деҳқонларга қийинчилик билан бўлса-да эркинлик бериш йўлидан боряпти. Натижада бу маҳсулот экспорти ошишига олиб келяпти. Натижалар ҳақида соҳа вакиллари ва мутахассислардан сўраймиз.

Охирги пайтда Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш мавзуси эътибор марказида. Ўзи Ўзбекистоннинг потенциали қанча?

Ёрқинжон Маликов, Экспортчилар уюшмаси раиси: — Экспорт қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизга рақамларда қарасак, 1 млн 900 минг тонна маҳсулот экспорт қилдик. Энди буни суммага чақсак 1 миллиард 200 миллион. Биз қайта ишлаганимиз учун, бошқа аҳамият бермаган томонларимиз бўлгани учун фақатгина шундай етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотяпмиз. Янглишмасам, Ўзбекистон 1 гектардан фойда олиш даражаси 300 доллар деб кўрган эдим. Туркияники 6000 доллардан 8000 долларгача эди. 20 баробар фарқ бор. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, ҳозирги ҳолатдаги ерлардан фойдалансак, ўртача 5 млрд долларга етказишимиз мумкин экан экспортни.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти борасида қандай ўзгаришлар бўлди?

Алишер Шерматов, тадбиркор: — Келиб тушган валютанинг 50 фоизини давлат курсида сотиб, 50 фоизини ўзимизда олиб қолишга имконимиз бор эди, конвертация ёпиқ эди. Бугун узоқроқ давлатларга маҳсулот юборишдаги транспорт харажатларининг 50 фоизи давлат томонидан қопланяпти.