Жаҳон | 17:55 / 24.03.2024
62072
4 дақиқада ўқилади

15 ёшли Ислом Халилов теракт вақтида «Крокус»да юздан ортиқ одамни қутқарди

Асли Қирғизистондан бўлган оила фарзанди «Крокус Сити Ҳолл»да гардеробчи бўлиб ишлаган, ҳужум бошланганида йўриқномага амал қилган ҳолда одамларни ташқарига олиб чиққан. Моргенштерн ўсмирга миллион рубл юборди, «Спартак» клуби — уй учрашувларига абонемент совға қилди.

Фото: Видеодан кадр

15 ёшли мактаб ўқувчиси, «Крокус Сити Ҳолл»да гардеробчи бўлиб ишлаган Ислом Халилов хизматчиларнинг хоналари орқали чиқиш йўлини кўрсатиб, юздан ортиқ кишининг ҳаётини сақлаб қолган. Бу ҳақда биринчи бўлиб «112» телеграм-канали хабар тарқатди.

Ислом Халилов «Москва онлайн» нашрига концертн залда бир йилга яқин вақтдан буён ишлаб келганини айтган. Теракт куни у соат 16:00 да сменани қабул қилиб олган. Ҳужум бошланганида у кучли овозларни эшитган, аввалига буни «қандайдир шовқин солувчи гуруҳ келди» деб ўйлаган. Халилов зинапоя томондан одамлар чопиб келаётганида вазият яхши эмаслигини тушунган.

«Мен ҳаракат қилмасам ўз ҳаётимни ҳам, бошқаларникини ҳам йўқотишимни англадим. Тўғриси, бу жуда қўрқинчли эди. Мен одамлар орасида эканимда, эшикни очиш учун кетаётганимда, ёки зинадан, ёки эскалатордан кимдир чиқиб келиб, граната улоқтириши ёки ўт очиши мумкинлигини ўйлардим. Худога шукрки, ҳеч нарса рўй бермади, мен ўз вақтида эшикни очдим ва барчани «Экспо» томонга ўтказиб юборишга улгурдим», дейди у.

Халиловнинг тушунтиришича, ходим сифатида унга фавқулодда ҳолатларда қандай ҳаракатланиш бўйича кўрсатма берилган, шу туфайли у «одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун уларни қаерга олиб бориш кераклиги»ни билган. Якунда у юз нафар атрофидаги одамни «Крокус Сити Ҳолл»га ёндош жойлашган «Крокус Экспо»нинг кириш жойигача олиб борган. Ўсмирнинг ўзи охирги бўлиб ўтган, ўзининг сўзларига кўра, «бошқа ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилиш учун».

«Онам карахт ҳолатга тушди, шундай ишларни бошимдан ўтказишга тўғри келгани учун йиғлади. Кўз ўнгимда рўй берган барчаси учун. Менинг ўзим, тўғрисини айтсам, шок ҳолатдаман. Кўз ўнгимда бир кишини отишди, бу ҳақда ўйлашдан тўхтамаяпман», — деди Халилов.

Ruptly учун интервюсида Халилов ўзини қаҳрамон деб ҳисобламаслигини айтган: «Бу менинг ишимнинг бир қисми эди. Юзлаб одамлар ўлиб беришига йўл қўйгандан кўра ўзингни қурбон қилганинг яхшироқ».

Халилов — Москванинг «Спартак» клуби мухлиси. Унинг қаҳрамонлиги ҳақида маълум бўлганида, клуб уни футболчилар билан учрашувга таклиф этиб, турли совғалар ва жамоанинг уй учрашувлари учун абонемент совға қилган.

Рэпер Алишер Моргенштерн ўсмирга миллион рубл юборган. «Мен Моргенштерндан жуда миннатдорман, Алишер каби одамлар борлигидан хурсандман, мен унинг ёрдамида ҳаётим осонлашишидан чин дилдан хурсандман. Тўғриси, тилимга сўз келмаяпти, йиғлагим келяпти», — деган Ислом Халиловнинг ўзи.

«Подъём» нашри ёзишича, унинг оиласи бу пулларни кредитларини ёпиш учун ишлатади.

Ислом Россияда туғилган, унинг ота-онаси Қирғизистондан. Отаси Бахтиёр Жалолобод вилояти Сузоқ туманидан, онаси Ойпари — Ўш области Ўзган туманидан. Ислом — оиладаги уч нафар фарзанддан энг каттаси.

Халиловни Россия мусулмонларининг «Хизматлари учун» медали билан тақдирлашган, дея маълум қилган Россия бош муфтийси Равил Гайнутдин. Ўсмирга мукофот кейинги ҳафта жума намози вақтида Москвадаги Собор масжидида топширилади.

Мавзуга оид