Далержон Мирзоев, Муродали Ражабализода, Муҳаммадсобир Файзов ва Фаридуни Шамсиддин тергов сўровига кўра 22 майга қадар ҳибсга олинди.
Уларнинг барчаси уюшган гуруҳ таркибида одамлар ўлимига олиб келувчи теракт содир этишда айбланган.
Тергов версиясига кўра, уларнинг барчаси 130 дан ортиқ киши ҳалок бўлган «Крокус Сити Ҳолл»га ҳужумда бевосита иштирок этган.
Судда нималар бўлди?
«Крокус Сити Ҳолл»даги теракт иши бўйича илк айбланувчи Далержон Мирзоев судда юзидаги кўкаришлар билан пайдо бўлди.
Унга берилган илк саволлардан кейин терговчи судядан жараённи матбуот учун ёпиқ тарзда ўтказишни сўради ва судя Елена Ленская розилик билдирди, деб хабар беради «Медиазона».
Терговчи очиқ суд мажлиси «тергов сирлари очиқланишига олиб келиши», шунингдек «жараён иштирокчилари ҳамда уларнинг қариндошлари хавфсизлигини таҳдид остида қолдириши» мумкинлигини айтган.
Бунгача, «Медиазона» хабарига кўра, судя таржимон орқали Далержон Мирзоевдан ундан нима сўралаётганини қанчалик тушунаётганини сўраган, у эса бунга қисқача жавоб қайтариб, ўзини тожик тилида таништирган.
«Медиазона» суд залидан хабар беришича, Мирзоевнинг рафиқаси ва тўрт нафар фарзанди бор, унинг Новосибирскда уч ойлик рўйхатга олиш муддати тугаган.
Иккинчи айбланувчи, Саидакрами Муродали Ражабализода, залга боши боғланган ҳолатда келтирилди. Россиядаги ижтимоий тармоқларда бироз аввалроқ «Крокус»га ҳужум иштирокчиларининг қўлга олиниши ва дастлабки сўроқ қилиниши жараёни акс этган видеоёзувлар тарқалган, улардан бирида Ражабализоданинг бир қулоғи кесиб олиниб, оғзига тиқилгани акс этганди.
Бу суд мажлисини Басман суди судяси Тимур Вахрамеев олиб борди. У ҳам гумонланувчилар билан танишувдан кейин жараённи матбуот учун ёпиқ шаклга ўтказган.
Муродали ҳам таржимон орқали тожик тилида жавоб қайтарган. У 30 ёшда экани, рафиқаси, фарзанди борлиги, Россияда регистрация қилгани, аммо қаердалигини — эслай олмаслигини айтган.
Фаридуни Шамсиддинга ҳам айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш бўйича эҳтиёт чораси қўлланган.
Россия агентликлари хабарига кўра, 19 ёшли Файзов судга шифокорлар ҳамроҳлигида каталкада олиб келинган (фотосуратларга қараганда, бу йиғилувчи коляска) ва гапира олмайдиган ҳолатда бўлган. Унинг бир кўзи ўйиб олинган.


















