Ўзбекистон | 13:00 / 25.03.2024
18983
3 дақиқада ўқилади

Озарбойжон фуқароси “Крокус”даги теракт вақтида юздан ортиқ одамни қутқарди

Мажмуада официант бўлиб ишлаган Комил Насибов ўқ овозларига қарамай концерт зали биносига қайтиб бориб, одамларни ташқарига чиқишига ёрдамлашган. Тасодифан чироғи ёниқ телефонни топиб олиб, унга қўнғироқ қилган жабрланувчи қизнинг қутқарилишига ҳам ҳисса қўшган. Бу ҳақда хабар берган Telegram-канал аввалига Насибов ўзбекистонлик эканини ёзганди, кейинроқ у Озарбойжон фуқароси экани маълум қилинди.

Фото: "Москва" агентлиги

Россияда яшовчи Озарбойжон фуқароси Комил Насибов Москва яқинидаги “Крокус” концерт залида рўй берган теракт вақтида юздан ортиқ одамни қутқариб қолди. Бу ҳақда “Shot” Telegram-канали хабар бермоқда. Каналдаги хабарнинг бирламчи талқинида Насибов Ўзбекистон фуқароси экани айтилганди, кейинроқ хабарга ўзгартириш киритилиб, у озарбойжонлик экани маълум қилинди.

Комил Насибовнинг айтишича, у фожиа рўй берган куни дўсти билан қўшимча иш сифатида “Крокус”да официантлик қилган. Уларнинг иш сменаси 19:55 да тугаган. Кўчага чиқишгач, ўқ овозларини эшитишган ва қўрқиб энг яқин бинога яширинишган. Лекин кейин ортга қайтишга қарор қилишган.

Комил ўқдан яраланган бир неча кишини автомобил йўли ёқасига судраб чиққан, машина тўхтатиб, оқсоқланаётган бир аёлни унга ўтқизган, концертга кеч қолганларни эса қайтариб юборган. Бино ичида эса у эшикларни бузиб, одамларга қаерга қочиш кераклигини кўрсатиб турган.

“Ҳамма тутун ичида қолганида пастки қаватдаги коридорлардан бирида тахминан 80 кишидан иборат одамлар гуруҳини кўриб, уларга ташқарига чиқишга ёрдам бердим. Одамларни қидириб югуриб юрганимда чироғи ёнган ҳолда полда ётган телефонга кўзим тушди ва йўлни ёритиш учун уни олдим. Телефон жиринглаб қолди – Камилла исми ёзилган эди, гўшакда бир қиз баланд овозда қичқириб, қутқаришларини сўради. Ў қаттиқ қўрқиб кетганди, атрофида ҳамма нарса ёнаётгани, иккинчи қаватда эканини айтди”, – дея сўзлаб берган у.

Комил қиз телефон қилган вақтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларининг олдида турган, қизнинг айтганларини уларга етказган. Шундан кейин қутқарувчилар унинг ўзини ҳам тутундан бўғилган ҳолатида бинодан олиб чиқишган. Қизни эса топишган, кейинроқ Комил топиб олинган қутқарувчилар орқали унга телефонни қайтариб берган.

Аввалроқ асли Қирғизистондан бўлган оиланинг 15 ёшли фарзанди Ислом Халилов ҳам “Крокус”да юздан ортиқ одамни қутқариб қолгани ҳақида хабар берилганди. У мажмуада гардеробчи бўлиб ишлаган.

Мавзуга оид