Икки марта импичмент қилинган, кўп марта турли масалаларда айбланган собиқ президент Доналд Трампнинг рейтинг даражаси охирги уч йил ичида барқарорлашиб, ҳатто айрим этник гуруҳлар, ёшлар ва ишчилар синфи орасида сезиларли даражада ошган.

New York Times нашри ва Siena коллежининг охирги сўровномасига кўра, Трампни қўллаб-қувватлаш даражаси 44 фоизни ташкил этган бўлса, унинг рақиби, амалдаги президент Жо Байденни сайловчиларнинг 38 фоиздан ошиқроқ қисми маъқуллаяпти. Байден ҳақидаги қарашлар тобора салбий томонга ўзгаряпти, Трамп ҳақидаги фикрлар эса яхшиланмоқда.

Агар рақамларга чуқурроқ назар ташланса, ушбу ўзгаришлар яққол кўринади. Масалан, Gallup томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Трамп 2023 йил охирига келиб 2020 йилги сайловлардан олдинги энг юқори қўллаб-қувватлов рейтингига эга бўлган.

Жумладан, 18 ёшдан 34 ёшгача бўлганлар орасида унинг рейтинги 2020 йил октябр ойида 42 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йил январ ойида 28 фоизга тушиб кетган. 2023 йил декабр ойига келиб эса, бу кўрсаткич яна 42 фоизга кўтарилган. Худди шу ҳолат оқ танли бўлмаган америкаликлар орасида ҳам кузатилган: 2020 йил октябрда уларнинг 27 фоизи Трампни ижобий баҳолаган, бу кўрсаткич 2021 йил январ ойида 15 фоизга тушиб кетган бўлса, 2022 йил ноябр ойига келиб 28 фоизгача ошган.

Йиллик даромади 40 минг доллардан кам бўлган америкаликлар орасида ҳам Трампнинг рейтинги 2020 йил октябр ойида 37 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг январида 32 фоизга тушиб, 2023 йилнинг декабр ойига келиб 48 фоизга кўтарилган.

Бошқа сўровномаларда ҳам шунга ўхшаш тенденциялар кузатилган. Vox нашри собиқ президентни қўллаб-қувватловчилар сони ортиб бораётганини учта омил билан боғлаб, таҳлил қилди.