Ўзбекистон | 08:12 / 26.03.2024
4689
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Тошкентда дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилиши олди олинди 

Самарқанд вилоятининг Ургут ва Тошкент вилоятининг Зангиота туманида дори воситаларини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди. 

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, “Бунёдкор” МФЙ ҳудудида ҳаракатланиб келаётган Isuzu русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, фуқаролар И.М. ва У.И. хорижда ишлаб чиқарилган 470 турдаги ҳеч қандай ҳужжатсиз 19 214 дона дори воситаларини ўтказиш мақсадида олиб келаётгани аниқланиб, ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
 
Шу каби, департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, фуқаро Б.Н. дори воситаларини ноқонуний муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаб, туман ҳудудидаги савдо маркази автотураргоҳида жами 35 қути “Авастин” номли дори воситасини фуқаро М.Я.га 158 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид