ФХХ директори Александр Бортников РФ президенти Владимир Путинга «Крокус Сити Ҳолл»га уюштирилган ҳужумга алоқадорликда гумонланган 11 киши қўлга олингани ҳақида хабар берганидан буён судга навбати билан саккизинчи киши ҳам келтирилди. Тергов қўмитаси концерт залида одамларни ўққа тутишда бевосита иштирок этганини билдирган тўрт кишидан ташқари уларнинг шериклари сифатида гумонланаётган тўрт киши тергов изоляторига юборилган, улар ҳозирча айбига иқрор бўлмаган.

BBC ушбу одамлар ҳақида маълумот тўплади.

Ижрочиликда гумонланаётганлар

Далержон Мирзоев

Далержон Мирзоев Москва Басманний судида. 2024 йил 24 март
Татьяна Макеева / AFP / Scanpix / LETA

32 ёшли Далержон Мирзоевни юзидаги кўкаришлар билан судга олиб келишган, қамоққа олиш тўғрисида қарор ўқиб эшиттирилаётганида у оёқда тура олмади ва «аквариум» деворига суяниб қолди. Москва шаҳри Басманний райони суди матбуот хизмати хабарига кўра, у айбига иқрор бўлган.

Россия ФХХ томонидан эълон қилинган, қўлга олиш ва сўроқ қилиш жараёни акс этган видеода Мирзоев ИШИДга алоқадор саналган Amaq News Agency телеграм-канали тарқатган видеодаги қотиллардан бири каби кийимда бўлган. Видеода кўк жинси шим ва яшил свитер кийган шахс ярадор одамнинг бўйнидан пичоқ тортаётгани акс этган.

Shot телеграм-канали маълумотига кўра, Мирзоев ҳужум қилган шахслар яширинишга уринган «Рено» автомобили рулида бўлган.

Суд материалларига кўра, у Тожикистон фуқароси, унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди бор. У Новосибирскда вақтинча пропискадан ўтган ва шу шаҳарда таксичи бўлиб ишлаган, аммо унинг яшаш учун рухсатномаси муддати ҳужумга қадар якунланиб бўлганди.

Новосибирскдаги НГС нашри мухбири Новосибирскда Мирзоев яшаган квартира эгаси билан гаплашган. У Мирзоевнинг Тожикистонда рафиқаси ва тўрт нафар фарзанди бўлганини тасдиқлаган.

Уй эгаси Мирзоевнинг ҳаракатларида шубҳали ҳеч нарса сезмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Мирзоев диний адабиётларни ўрганмаган, квартирага фақат тунаш учун келган. Ишлаган пулларини Тожикистондаги онасига юборишини айтган.