АҚШ разведка идоралари Москвадаги теракт хавфи ҳақидаги маълумотларнинг фақат бир қисмини Россияга тақдим этган, деб хабар берди The New York Times (NYT) газетаси 28 март, пайшанба куни Америка маъмуриятидаги манбаларга таяниб. «Вашингтон ва Москва ўртасидаги душманлик муносабатлари Россия расмийлари разведка манбалари ёки усулларини ўрганиши мумкинлигидан хавфсираб, Қўшма Штатларга (террорчиларнинг) режаси ҳақида зарур бўлганидан ташқари бирон бир қўшимча маълумот беришга тўсқинлик қилди», деб ёзади NYT.
Нашр суҳбатдошларининг фикрича, Россия март ойи бошида яқин 48 соат ичида теракт содир этиш хавфи юқорилиги ҳақида маълумот олган ҳолда, асосий эътиборни вақт оралиғига қаратди ва бу вақт ичида ҳужум содир бўлмаганида эса огоҳлантириш ишончсизлик билан қабул қилинди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков нашрга изоҳ бериш сўровига жавобан Кремл бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини айтди. Шу билан бирга, у NYT материалларига «жуда эҳтиёткорлик билан» муносабатда бўлишга чақирди.
Бортников: АҚШ маълумотлари умумий хусусиятга эга эди
АҚШнинг Россиядаги элчихонаси 7 март куни «экстремистлар яқин кунларда Москвада одамлар йиғиладиган катта тадбирлар, жумладан, концертларга ҳужум қилишни режалаштираётгани» ҳақида хабар бериб, ўз фуқароларини одам гавжум жойларга бормасликка чақирди. «Крокус Сити Холл»даги терактдан сўнг, ФСБ директори Александр Бортников АҚШ разведка хизматлари Россия томонини яқинлашиб келаётган ҳужум ҳақида огоҳлантирганини тан олди, аммо у ўша пайтда тасдиқланмаган «умумий характердаги маълумот» бўлганини айтди.
«Бу умумий характердаги маълумот - фуқароларнинг оммавий йиғиладиган жойларида террорчилик акти тайёрланаётгани ҳақида. Биз бу маълумотларга жавоб қайтардик ва, албатта, бунинг олдини олиш учун тегишли чоралар кўрдик. Афсуски, бизнинг аниқ гуруҳлар ва аниқ шахсларга нисбатан амалга оширилган ҳаракатларимиз – ўша пайтда бу маълумот тасдиқланмади», — деди Бортников 26 март куни журналистларга.
Огоҳлантиришларга муносабат
ФСБ директорининг сўзларига кўра, теракт концертда эмас, президентлик сайловлари вақтида режалаштирилгани ҳақида маълумотлар бор эди. «Ҳозир содир бўлган воқеа, афсуски, кейинги ҳужумдир», деди Бортников.
«Крокус»га қилинган ҳужумдан уч кун олдин Россия раҳбарияти РФда терактлар содир этилиши мумкинлигини «провокацион» баёнотлар деб таърифлади. «Буларнинг барчаси очиқдан-очиқ шантаж ва жамиятимизни қўрқитиш ва беқарорлаштириш ниятига ўхшайди», деди президент ФСБ йиғилишида.


















