Жаҳон | 10:31 / 30.03.2024
7921
3 дақиқада ўқилади

Полша бош вазири Европани эҳтимолий урушга тайёр эмаслиги ҳақида огоҳлантирди

Полша бош вазири Доналд Туск Европа ОАВга интервю бериб, Европа «урушдан аввалги давр»га киргани ва агар Россия Украина устидан ғалаба қозонса, қитъада ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳис қилмаслигидан огоҳлантирди.

Фото: AP

«Мен ҳеч кимни қўрқитмоқчи эмасман, лекин уруш ўтмишга оид тушунча бўлишни тўхтатди. Бу жуда реал ва бу икки йил аввал бошланди», — деди Полша бош вазири.

Унинг баёнотлари Россия Украинанинг энергетика объектларига ракета ва учувчисиз учоқлардан фойдаланган ҳолда навбатдаги йирик ҳужумни амалга оширишга уриниб кўрган кунга тўғри келди. Баъзи ракеталар Полша билан чегарадош Лвив вилоятига йўналтирилган. Полша ҳарбийларининг хабар беришича, ўққа тутиш чоғида мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ва НАТО мамлакатлари самолётлари ҳавога кўтарилган.

Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари хабар берганидек, Украинага 99 та ракета ва ҳар хил турдаги учувчисиз учоқлар учирилган. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 58 та дрон ва 26 та ракетани уриб туширди.

Шу билан бирга, Туск Россия расмийларининг Москвадаги «Крокус Сити Холл»га уюштирилган ҳужумга Украина алоқадорлиги ҳақидаги баёнотларига изоҳ берди. Кремл бундай даъволар учун ишончли далиллар келтирмади, ғарб давлатлари ва оммавий ахборот воситалари бу айбловларни асоссиз деб атади.

Туск таъкидлашича, РФнинг Украина ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги изоҳлари унинг «Украинадаги тинч аҳоли манзилларига борган сари шафқатсиз ҳужумларни оқлаш истаги»ни кўрсатади. Унинг эслашича, шу ҳафта Россия кун давомида Киевга биринчи марта гипертовушли ракеталар билан зарба берган.

Полша бош вазири лавозимига қайтганидан кейинги биринчи интервюсида Туск (у 2007 йилдан 2014 йилгача бу лавозимни эгаллаб келган) Европа ҳукуматларини хавфсизликни мустаҳкамлаш учун кўпроқ ҳаракат қилишга чақирди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ президентлик сайловларида ким ғалаба қозонишидан қатъи назар – Доналд Трампми ёки Жо Байденми, агар Европа мудофаа масалаларида ўзига кўпроқ таянса, Вашингтон учун фойдалироқ ҳамкорга айланади.

Гап Европа Иттифоқининг АҚШдан ҳарбий мустақилликка интилиши ёки «НАТОга параллел тузилмалар» яратишида эмас, деб ҳисоблайди Полша бош вазири. Унга кўра, Полша ўз иқтисодининг 4 фоизини мудофаага сарфлайди, бошқа Европа давлатлари эса бунга ўз ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизини ажратиши керак.

Шу билан бирга, бутун Европа Иттифоқи ўз хавфсизлиги учун курашишга психологик жиҳатдан тайёр бўлиши керак, деди Туск.

Мавзуга оид