Украинада урушнинг 766-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия зарбаси Харкив областидаги энг йирик иссиқлик электр станцияларидан бири бўлган Змиевская ИЭСни вайрон қилди.
- Зеленский ўзининг яқин сафдошларидан бири бўлган Сергей Шефирни президент ёрдамчиси лавозимидан озод этди. Яна уч маслаҳатчи ишдан бўшаган.
- Зеленский Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши собиқ котиби Олексий Даниловни Украинанинг Молдовадаги элчиси лавозимига тайинлашга рози бўлди.
- Белгород шаҳри ва чегара ҳудудлардаги мактаб ўқувчилари отишмалар туфайли ўқув йили охирига қадар масофавий таълим шаклига ўтказилади.
- Евроиттифоқ Туркиянинг Southwind Airlines авиакомпаниясига ўз ҳудуди устидан парвозлар амалга оширишни тақиқлади, авиакомпания Россия билан алоқаларда гумонланган.
- Зеленский The Washington Post учун берган интервюсида АҚШ украин дронларининг Россия энергетика инфратузилмаларига ҳужумларига ижобий қарамаслигини айтди. У Вашингтон Украина ўзи ишлаб чиқарган қуролларни қўллашига монелик қила олмаслигини қўшимча қилган.
- «Медиазона» ва BBC журналистлари Украинадаги урушда ҳалок бўлган 49 281 нафар россиялик ҳарбийлар ўлимини расмий манбалар орқали тасдиқлади.
- Украина қуролли кучлари бош қўмондони Харкивга ҳужум қилиш қарори Россия қўшини учун ҳалокатли қарор бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Кун кадри. Ирпинда украин ҳарбийлари учун ёдгорлик
Россия қўшини Киев яқинидаги кичик шаҳар Ирпинни кенг кўламли босқиннинг илк кунларида эгаллаб олганди. 2022 йил 28 мартида, Россия армияси Киев областидан чекинганида, шаҳар Украина қуролли кучлари назоратига қайтади. Ирпин озод этилганида у ердан Россия оккупацияси босқини чоғида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакилларининг 269 жасади чиқади. Ирпин инфратузилмасининг 30 фоизи ҳамда биноларнинг тахминан 70 фоизи тўлиқ йўқ қилинганди.

































