Фаластиннинг Ғазо бўлгасида вазият оғирлигича қолмоқда. Рамазонда ҳам уруш тўхтамади, одамлар Исроил ракета зарбалари ва очликдан ўлишда давом этяпти. БМТ бир неча ойдан буён сектордаги озиқ-овқат етишмовчилиги критик даражага етганини ҳақида огоҳлантириб келади.

Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, қайд этилаётган статистикалар Ғазодаги гуманитар инқироз аллақачон сунъий яратилган очарчиликка айланиб бўлганини кўрсатмоқда. Оқибатда Исроилга бўлган халқаро босим янада ошди. Давлатлар ва халқаро ташкилотлар Исроилдан ҳуқуқий бурчларини бажариб, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва тинч аҳоли учун гуманитар ёрдам маҳсулотларини ўтказишни сўрашмоқда.

Фаластинлик болалар Рафаҳдаги лагер яқинида овқатга навбатга туришибди
Фото: Abed Zagout/Anadolu Agency/Getty Images

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича юқори мартабали мулозими Волтер Тюрк BBC билан суҳбатда Исроил Ғазодаги очликдан урушдаги қурол сифатида фойдаланаётганини айтган. Бу исботланса, сунъий очлик Исроил томонидан амалга оширилган ҳарбий жиноятга тенглаштирилиши мумкин.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волтер Тюрк
Фото: Pool photo by Salvatore Di Nolfi

Исроил иқтисодиёт вазири Нир Баркат БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарининг гапларини сафсата деб атаб, мулозимнинг ўзини масъулиятсизликда айблаган.

Фаластинлик аёл сунъий нафас олиш аппаратига уланган боласи билан
Фото: Mohammed Abed/AFP/Getty Images

Турли давлатларнинг Ғазога юбораётган гуманитар ёрдамлари Миср чегарасидаги Рафаҳ постида туриб қолиб, Исроил уларни жуда узоқ бюрократик тўсиқлардан кейингина ўтказмоқда. Оқибатда Иордания, Британия ва АҚШ Ғазога осмондан ёрдам юкларини ташлашга қарор қилди. Ваҳоланки бу энг самарасиз йўл ҳисобланади. Ҳозиргача ёрдам юкларини олаётганда 12 киши денгизга чўкиб ўлгани, 5 киши устига парашюти очилмаган қути тушиши оқибатида ҳалок бўлгани маълум.