Муқаддам судланган фуқаро такроран жиноятга қўл урди.
Фарғона вилояти Сўх туманида яшовчи 27 ёшли Н.Р. ариза билан мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган банк картасидан 2 720 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Сўх туманида яшовчи, муқаддам ЖКнинг 168-моддаси билан судланган 24 ёшли Э.М. содир этгани аниқланди.
Унга кўра, Э.М. жабрланувчи Н.Р.га SMS-хабарнома (сохта ҳавола) юбориш орқали шахсий маълумотларини қўлга киритиб, унинг банк мобил иловасига иккинчи фойдаланувчи сифатида уланиб олган ва 2 720 000 сўм пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк пластик картасига ўтказиб олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "б,г" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Э.М.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми "б,г" бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.