Расмий маълумотларга кўра, асосий мухолифат куч ҳисобланган Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) бутун мамлакат бўйлаб 37,8 фоиз овоз олди, Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) — 35,5 фоиз.

Кўплаб экспертлар бу сайловларни «Эрдўғаннинг тарихдаги энг йирик мағлубияти» деб аташмоқда.

Жумҳурият халқ партияси АТПни Эрдўғанни унинг 21 йиллик ҳукмронлиги давридаги умуммиллий овоз бериш якунларига кўра нафақат илк бор мағлуб эта олди, балки сўнгги ўн йилликлардаги энг кўп овозни қўлга киритди. BBC таҳлилчиси Чағил Касапўғли бу қандай рўй бергани ҳақида ёзди.

Иқтисодий муаммолар: гиперинфляция ва аҳоли норозилиги

Ҳукмрон партиянинг мағлубиятига олиб келган асосий омил мамлакатдаги чуқур иқтисодий инқироз бўлди.

Яшаш нархи фақат 2022 йилда Россиянинг Украинага уруш бошлашидан кейин кўтарила бошлаган кўплаб давлатлардан фарқли ўлароқ Туркиядаги иқтисодий инқироз 2018 йилдан буён давом этиб келмоқда. Мамлакатдаги инфляция 65 фоиздан ошади, миллий валюта лира эса сўнгги беш йилда 80 фоизга қадрсизланган.

Эрдўған президентлиги давридаги Туркия ҳукумати кўпинча ҳозирда оддий одамлар ҳаёти нақадар қийинлашганини тушунмасликда айбланади.

Яшаш нархи ошиши мухолифат ғалабасига ёрдам берган асосий омил бўлди, дейди экспертлар
Фото: CHRIS MCGRATH/GETTY IMAGE

«Ҳукмрон АТП иқтисодий инқирознинг вайронкор оқибатларини жуда кеч тан олди», — дейди BBC билан суҳбатда Анқарадаги Ҳожи Байрам Вали университети профессори Баҳодир Турк.

У Эрдўған ва унинг партияси 2023 йилги президентлик сайловларидаги ғалабадан кейин «иқтисодий инқироздан чиқиш борасида ўта оптимистик» кайфиятда бўлганини қўшимча қилган.

«Менимча бу Эрдўған ва АТП йўл қўйган энг катта хато эди», — деб ҳисоблайди профессор Турк.

Мухолифатчилар сайловолди кампанияси чоғида яшаш нархи ошаётгани ҳақида кўп гапирди.

Сайловларда АТП номзодига қарши курашган Истанбулнинг таниқли мэри Акром Имомўғли «Мамлакатимиз қашшоқликка лойиқ эмас» шиоридан кенг фойдаланди. Якунда у ишончли ғалабага эришди ва яна беш йил давомида шаҳарга ҳокимлик қиладиган бўлди.