Ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкентда бўлиб ўтаётган Artdocfest Asia фестивалида Украинадаги уруш тасвирларини ўз ичига олган «Шарқий фронт» ҳужжатли филмининг намойишини тўхтатди. Бу ҳақда 4 апрел куни филм режиссёри ва фестивал асосчиси Виталий Манский Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Филм намойиши чоғида «139 Ҳужжатли филмлар маркази» галереясига ички ишлар органлари ходимлари етиб келишган ва Маданият вазирлиги буйруғи билан бу филм намойиши тақиқланганини айтишган.
«Ҳозиргина Тошкентда Artdocfest Asia фестивали доирасида „Шарқий фронт“ филмимиз намойиши тўхтатилди. Фестивал дастурининг кейинги барча намойишлари ҳам тақиқланди. Бу Ўзбекистон Маданият вазирлиги кўрсатмаси асосида амалга оширилди. Бу ҳолат 139 Documentary Center’нинг 4 йиллик фаолияти давомидаги биринчи воқеадир. Салом „Рус дунёси!“», – дейди у.
Ҳолат юзасидан Маданият вазирлиги расмий муносабат билдирди. Унга кўра, филмни намойиш этишда бир қанча талаблар бузилган.
«Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий филмларни намойиш этиш учун хусусий тадбиркорлар Кинематография агентлигига ариза билан мурожаат этади ҳамда агентлик томонидан ушбу мурожаат 10 иш кунида кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, филмни оммавий намойиш этишда бир қатор талаб ва шартларга қатъий риоя этилиши белгиланган. Мазкур талаб ва шартларга амал қилинмаслиги филмни оммавий намойиш этиш учун берилган рухсатнома бекор бўлишига олиб келиши кўзда тутилган», – дейилади муносабатда.
Қайд этилишича, тегишли ҳужжатларга асосан, Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш учун ИИВдан рухсатнома олиш шарт. Аммо 2–8 апрел кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган Artdocfest Asia фестивалини ўтказиш учун ташкилотчилар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда рухсатнома олишмаган.
«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг расмий равишда огоҳлантиришларига қарамай оммавий тадбир ва филмлар намойишини ташкил этиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилишган», – дейилади изоҳда.
Вазирлик, ўз навбатида, оммавий тадбирлар, жумладан, фестиваллар ва уларда фильмлар намойишини тўхтатиш Маданият вазирлигининг ваколатига кирмаслигини билдириб ўтди.

















