РОМА – ЛАЦИО (6 апрел, 21:00)
Рим дербиси турнир жадвали ва жамоаларнинг айни пайтдаги аҳволидан қатъи назар муросасиз ва катта воқеа бўлиши сир эмас. Ҳозир эса қўшимча тарзда, ҳар икки жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун даъвогарлик қилмоқда. Еврокубоклар рейтингида Италия ҳозирда пешқадам бўлиб турибди ва катта эҳтимол билан шундай сақланиб қолса керак. У ҳолда «А Серия»дан беш жамоа янги форматдаги Чемпионлар Лигасида қатнашади. «Рома» ҳозирда 52 очко билан 5-ўринни эгаллаб турибди. «Лацио» билан орадаги фарқ олти очко, катта масофа, аммо агар «Лацио» бу ўйинда ғолиб келадиган бўлса, 3 очкогача қисқариши мумкин. Бу эса «Лацио»нинг ҳам йўлланма учун курашга қўшилишини англатади.
Агар кейинги тақвимга эътибор қаратсак, «Лацио»да қийин рақиблар деярли йўқ. Сўнгги турларда «Интер» билан ўйин бор, аммо ўшанда миланликлар катта эҳтимол билан чемпионлик масаласини ҳал қилиб қўйган бўлади. «Рома»нинг тақвими эса аксинча, «Аталанта» ҳам бор, «Ювентус» ва «Наполи» ҳам бор. Бунинг устига де Росси шогирдлари Европа Лигасида ҳам курашни давом эттирмоқда. Демак «Рома» ва «Лацио» ўртасидаги сиртқи кураш энди бошланяпти, дерби эса мана шу рақобатнинг дебочаси бўлади.
Сўнгги Рим дербиларига қаралса, охирги тўрт ўйинда «Рома» ғалаба қозониш тугул, рақиб дарвозасига гол ҳам ура олмаяпти. Ўтган йили ҳар икки ўйинда ҳам «Лацио» 1:0 ҳисобида устун келган, биринчи даврадаги ўйинда ҳисоб очилмаганди. Мамлакат кубоги доирасидаги ўйинда эса «Лацио» яна 1:0 ҳисобида ютиб, ҳамшаҳарини турнирдан чиқариб юборганди. Қизиғи, де Росси келганидан буён ҳар ўйинда гол уриб келган «Рома»да ҳам сўнгги учрашувларда муаммолар пайдо бўлди, «Лечче» билан ўйинда ҳам голсиз дуранг қайд этилди масалан.
Сардор Озмун номинал мезбонлар сафида майдонга туша олмайди. Шунингдек Эван Ндика «Лечче» билан ўйинда навбатдаги сариқ карточкасини олди ва дисквалификация туфайли дербида ўйнамайди. «Лацио» таркибида майдонга туша олмайдиган номлар кўпроқ, аммо ўйин тақдирини ҳал қиладиган асосий футболчилар эмас. Фақат дарвозабон Проведел ҳали тикланиб улгурмаганини айтиш мумкин, лекин «Лацио» бир ойдан бери усиз майдонга тушмоқда. Шунингдек, Ладзари, Дзакканьи, ҳамда Ровеллалар жароҳат туфайли дербида қатнаша олишмайди.

БРАЙТОН – АРСЕНАЛ (6 апрел, 21:30)
Чемпионлик учун курашаётган уч жамоа ичида «Арсенал»нинг тақвими бироз қийинроқ эканини айтиш мумкин. Бунинг устига, келаси ҳафтаданоқ Чемпионлар Лигаси чорак финали, «Бавария» кутиб турибди. «Арсенал» шу пайтгача, барқарорлик борасидаги синовлардан ўтиб келган бўлса, энди янада оғирроқ давр кутиб турибди. Апрелнинг қолган 24 куни ичида 7 та топ учрашув. «Брайтон»дан кейин икки марта «Бавария», шунингдек, «Астон Вилла», «Тоттенҳэм», «Челси» ва «Вулверҳэмптон» билан ўйнаши керак. Артетанинг мураббийлик фаолияти давомидаги энг муҳим ой.

















