Украинадаги урушнинг 773-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россиялик ҳарбийлар Запорижжяни ўққа тутди. Тўрт киши ҳалок бўлиб, 20 дан ортиқ киши яраланган.
- Россия мудофаа вазирлиги бешта регион узра украинларнинг 53 та дрони тўхтатилгани ҳақида ҳисобот берди.
- Украина нашрлари дронлар РФнинг учта регионидаги аэродромларга ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Уларнинг маълумотига кўра, жами 19 та самолёт йўқ қилинган ёки зарар етказилган.
- Россия Олимпия қўмитаси раҳбари Париж Олимпиадасида нейтрал мақомда иштирок этишни режалаштирган россиялик теннисчиларни «чет эл агентлари жамоаси» деб атади.
- Япония Россияга 164 турдаги маҳсулотлар экспортини ҳамда мамлакатга Россия олмосини олиб киришни тақиқлади.
- Чехия ҳукумати Россия Европа темирйўлларига киберҳужумлар уюштиргани ҳақида маълум қилди.
- The New York Times хабарига кўра, Украина бу ёздаги саммитда НАТО аъзолиги учун таклиф олмайди. Бунга АҚШ ва Германия қарши бўлган.
Харкив ўққа тутилиши
6 апрелга ўтар кечаси Россия қўшини Харкив бўйлаб зарбалар бериши оқибатида етти киши ҳалок бўлган. Украина қуролли кучлари қўмондонлиги зарба Shahed русумли 32 та дрон билан берилган, шундан 28 таси йўқ қилинган. Шунингдек, ҳужумда Х-101/Х-555 русумли иккита қанотли ракета ҳамда «Калибр» ракетасидан фойдаланилган. Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг сўзларига кўра, зарба натижасида фақат фуқаролик объектлари шикастланган, дастлабки маълумотларга кўра, булар тўққизта кўп қаватли уй, учта ётоқхона, бошқа бинолар, автомобилларга ёнилғи қуйиш станцияси ҳамда ўнта автомобил.
РФ мудофаа вазирлиги Харкив бўйлаб зарбаларни изоҳламаган, аммо шу куни Белгородга ракета зарбаси ҳақида хабар берган. Регион губернатори Вячеслав Гладков «шаҳарга кириш жойида 10 та ҳаво нишони йўқ қилингани» ҳақида хабар берган, амммо ҳужум оқибатида камида 12 та кўп квартирали уйлар, болалар поликлиникаси, спорт комплекси ва тижорат корхоналари шикастлангани айтилган. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Харкив областига зарбалар кейинги куни ҳам давом этди: 7 апрелга ўтар кечаси берилган зарба оқибатида уч киши жароҳатланиб, 10 та хусусий уй, болалар боғчаси, учта беш қаватли уй ҳамда учта автомобил шикастланган, дея хабар беради Олег Синегубов. Россия қўшини Харкив областининг Купянск шаҳридаги турар жойга ҳам зарба берган, натижада 85 ёшли аёл ҳалок бўлган.





































