Ғазода Исроил босқини давом этаётганига ярим йил тўлди. Ўтган вақт давомида 33 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, БМТ бир неча бор Исроил ҳаракатларига қарши резолюциялар қабул қилди, Халқаро жиноят судида ҳам бу масала кўрилди. Бироқ уруш ҳалигача тугамади. Kun.uz сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Каримов билан Ғазо атрофидаги сўнгги янгиликлар юзасидан суҳбатлашди.

— Байден Исроилга ҳарбий ёрдамни чеклаш билан таҳдид қилиши ортидан гуманитар йўлак очилиши айтилди. АҚШнинг Исроилга нисбатан сабри қайси чегарагача?

Фарҳод Каримов: — Бу Байден ва Нетаняҳунинг биринчи суҳбати эмас, олдин ҳам бўлган, АҚШ давлат котиби [Энтони Блинкен] Исроилга келганида бу масалани кўтарган. Яқин Шарқ, Ғазо бўйича бошидан бўлган келишувлар бор, менимча, Нетаняҳу АҚШнинг режаларидан чиқиб кетяпти. Лекин АҚШ қўлловни тўхтата олмайди, бошидан келишилган стратегия бу.

АҚШнинг Исроилни қўллаши ички беқарорликни ҳам келтириб чиқаряпти, сайлов ҳам яқин. Сайловда Байден учун энг катта босимлардан бири – ҳукуматнинг Исроилга нисбатан муносабати. Трамп ҳам айни шу нуқталардан фойдаланиб, ўз статусини кўтариб оляпти.

Яна бир томондан дунё ва Европа ҳамжамияти фикри, позицияси ўзгаряпти. Исроил ҳаракатлари геноцид кўринишига қараб кетяпти. БМТ ва шунга ўхшаш халқаро институтларнинг қарорлари олдин ҳам суст эди, ҳозир эса умуман бажарилмаяпти. Бу нарса халқаро ташкилотларнинг бошқа давлатларга нисбатан таъсирини ҳам тушириб юборяпти, Африка ва Жанубий Америкада олдин Исроил талабларни бажарсин, кейин биз қиламиз, деган чиқишлар пайдо бўляпти. Мана шундай ички ва ташқи босимлар АҚШ Исроилга бўлган муносабатини ўзгартиришига сабаб бўляпти, лекин бу концептуал, стратегик ўзгариш бўлмайди.

Камолиддин Раббимов: — АҚШнинг Исроилга шаклланган муносабатида аниқ контекст бор. Ўтган бир ҳафтада АҚШни ғазаблантирган 2 та йирик воқеа бўлди: биринчиси, Исроил Эроннинг Суриядаги консуллигига ҳужум қилди, иккинчиси, Ғазода халқаро гуманитар ташкилотга ҳужум қилинган ва ташкилотнинг европалик, канадалик ва австралиялик фаоллари ўлдирилган. Ташкилот раҳбари бу атайлаб қилинган ҳужум бўлгани, бундай хато бўлиши мумкин эмаслиги, гуруҳ қаерда бўлиши ҳақида аниқ маълумот берилганини айтди.

Исроилнинг инсониятга қарши жинояти АҚШга ҳам оғирлик қиляпти. Натижада Вашингтон Исроилга сигнал берди. Байден ва Нетаняҳу суҳбатида Исроилга ултиматум қўйилган. Исроил АҚШнинг Яқин Шарқдаги биринчи иттифоқчиси, унга сигналлар берилган, лекин Нетаняҳу қабул қилмади. Ултиматум деталларига эътибор бериш керак. Бир неча ойдан бери АҚШ Сенатида Украина, Исроил ва Тайван учун 100 млрд доллар миқдоридаги ёрдам пакети муҳокама қилиняпти, шундан 14 млрд доллар Исроилга ажратилиши кўзда тутилган. Энди АҚШ сиёсатчилари бу ёрдамни иккига бўлиб, Украинаникини маъқуллаб, Исроилга ёрдамни тўхтатиш ҳақида гапиряпти. Иккинчидан, Ғарбий соҳилдаги яҳудий аҳоли манзилларига нисбатан санкциялар жорий қилиш орқали Нетаняҳуга сигнал бериляпти.