Ўзбекистон | 11:29 / 10.04.2024
3717
2 дақиқада ўқилади

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга хизмат кўрсатишда хусусий сектор билан ҳамкорлик қилинади

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Реестридаги ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уйда ижтимоий-маиший хизматларни кўрсатиш учун хусусий сектор иштирокчилари ҳамкорликка чақирилмоқда. 

Шу мақсадда амалга оширилаётган пилот лойиҳада Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга хизмат кўрсатишни аутсорсинг асосида амалга ошириш кўзда тутилган.

Лойиҳани амалга оширишда Агентлик томонидан ходимларни бепул ўқитиш, хизматни мониторинг қилиш учун ахборот тизимидан бепул фойдаланиш ва ижтимоий хизматларни кенг ёритиш таклиф этилмоқда.

Уйда кўрсатиладиган ижтимоий-маиший хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олади: 

– овқат тайёрлаш (мижознинг ёши, табиати ва аллергик хусусиятларини инобатга олган ҳолда) ва ярим тайёр маҳсулотларни тайёрлаб музлаткичда сақлаб қўйиш; 

– супуриш-йиғиштириш (хонадондаги мижоз фойдаланадиган барча хоналарни ва жиҳозларни тозалаш);
 
– кийим-кечакларни ювиш; 

– гигиена тадбирларини амалга ошириш; 

– зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни уйга етказиб бериш; 

– хонадондаги сантехника жиҳозларини таъмирлашда (уй-жойни бошқарувчи ташкилотлар ва бошқарувчиларни жалб қилиш) кўмаклашиш; 

– сартарошлик хизматидан фойдаланишда кўмаклашиш; 

– қариндош ва дўстлар билан ёзишмаларда кўмаклашиш; 

– тиббиёт ва спорт муассасаларига бориш ва келишда ҳамроҳлик қилиш. 

Маълум қилинишича, мазкур лойиҳада тиббий хизмат кўрсатиш ёки уйда маиший хизмат кўрсатиш тажрибасига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари қатнашиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Юқоридаги хизматларни кўрсатиш имкониятига эга ёки шу соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлар 2024 йилнинг 20 апрелига қадар +998881992552 телефон рақамига ёки Telegram орқали https://t.me/s_sobirov1’га мурожаат қилишлари сўралган.

Лойиҳа бўйича қўшимча маълумотлар билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид