Жаҳон | 14:40 / 10.04.2024
5708
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинага 150 тадан ортиқ генератор юборди

Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига мисли кўрилмаган ҳужумлари муносабати билан Европа Иттифоқи ва унинг бир қанча давлатлари зудлик билан у ерга қиймати миллионлаб еврога тенг кучли электр генераторларини жўнатди.

Фото: AP

Украина инфратузилмасига Россия ҳужумларининг мақсадли кучайиши натижасида юзага келган энергетика инқирозига жавобан Европа Иттифоқи фавқулодда энергия ёрдамини сафарбар қилди. Бу ҳақда 9 апрел, сешанба куни Еврокомиссия матбуот хизмати маълумот берди. Унинг Брюсселдаги расмий вакилига кўра, бу ёрдам аллақачон Украинага йўл олган.

Украина аъзо бўлган Европа Иттифоқи фуқаролик муҳофазаси механизми орқали Австрия, Германия, Швеция ва Нидерландия украиналикларга турли қувватдаги 157 та электр генераторларини етказиб берди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи RescEU ўз стратегик захираларидан 3,57 миллион евро миқдорида 10 та юқори қувватли электр генераторларини (1 МВт) жўнатди. Брюсселда таъкидланганидек, фавқулодда вазиятларда ушбу генераторларнинг ҳар бири ўртача катталикдаги касалхонани электр энергияси билан таъминлаши мумкин.

Брюссел бундан ҳам кўпроқ ёрдамни сафарбар қилишга тайёр 

«Россиянинг Украинани бомбардимон қилиш орқали зулматга ботириш режаси амалга ошмайди. Европа Иттифоқи Украинада энергия таъминотини қўллаб-қувватлаш учун кеча-ю кундуз ишламоқда», - дейди Европа комиссари Янез Ленарчич. 

Еврокомиссия Европа Иттифоқининг Фавқулодда вазиятларда ҳаракатни мувофиқлаштириш маркази Украина расмийлари билан керак бўлганда уларга қўшимча ёрдам кўрсатиш учун жойларда яқиндан ҳамкорлик қилишига ишонтирди. 

Россиянинг ўққа тутиши Украинадаги электр станциялари 80 фоизига зарар етказди

Охирги ҳафталарда Россиянинг ўққа тутиши натижасида Украинадаги иссиқлик электр станциялари 80 фоизи ва гидроэлектр станциялари ярмидан кўпи зарар кўрди. Бу ҳақда 8 апрел куни энергетика вазири Герман Галушченко маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, бу Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери «Украина энергетика секторига қилинган энг йирик ҳужум». Россия қўшинлари ҳар бир зарбада имкон қадар кўпроқ зарар етказиш учун портловчи учувчисиз учоқлар ва ракеталардан фойдаланмоқда, деди вазир Киевда журналистларга. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид