Жаҳон | 08:46 / 10.04.2024
11658
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Украина омон қолиш учун ғарб қуролларига муҳтож

Украина ҳали ҳам Германиядан TAURUS ракеталарини олишга умид қилмоқда, деди Володимир Зеленский Харкивда Германиянинг Bild таблоидига берган интервюсида. Унга кўра, Трамп Украинага келиши мумкин.

Фото: AP

Украина ғарб ҳамкорларидан ўзининг омон қолиши учун зарур бўлган қуролларни олмаяпти, деди Украина президенти Володимир Зеленский 9 апрел, сешанба куни Харкивда Германиянинг Bild таблоидига, шунингдек, Axel Springer концернининг бошқа нашрларига интервю бериб. Зеленскийнинг сўзларига кўра, «бизнинг шерикларимизда омон қолишимиз учун зарур бўлган маълум қуроллар бор. Мен эса нега биз бу қуролларни ололмаётганимизни тушунмаяпман». 

Зеленский Германиядан TAURUS узоқ масофали қанотли ракеталарни олишга умид қилишда давом этмоқда. Зеленский Германия канцлери Олаф Шолц ва Германия Бундестагининг бундай етказиб беришни рад этишини Германия Владимир Путиннинг ядровий таҳдидларидан қўрқиши билан боғлади. «Мен тушунганимдек, канцлер Германия - ядровий давлат эмаслигини, TAURUS ракеталари эса Германиядаги энг кучли қурол тизими эканлигини айтяпти», деди Украина президенти. 

Бундан ташқари, Зеленский Америка Қўшма Штатлари узоқ вақт давомида Америка Конгрессида маъқулланмаётган кўп миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини ажратишидан умидвор. Гарчи Россия қурол-яроғ ва ҳарбийлар сони бўйича устунликка эга бўлса-да, «бирлашган ғарб замонавий қурол тизимларига эга», бу Украинага Россияни мағлуб этишга имкон беради, деди Зеленский Bild нашрига берган интервюсида. 

Трамп Украинага келиши мумкин 

Яқин келажакда, Зеленскийнинг сўзларига кўра, ноябр ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида қайта сайланишга умид қилаётган АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Украинага ташриф буюриши мумкин. Украина президенти айтганидек, Трамп унинг Украинага ташриф буюриш таклифига рози бўлди, бироқ унинг ташрифи аниқ санаси ҳали белгиланмаган. 

Зеленский шунингдек, Украина урушда мағлубиятга учраса ҳам, уни тарк этмаслигини айтди. «Мен ўз мамлакатимни тарк эта олмайман. Ҳеч қандай ҳолатда», - деди у. 

Бир кун олдин, United24 платформасидаги видео-конференция вақтида Володимир Зеленский, агар АҚШ Конгресси Киевга ҳарбий ёрдам пакетини ажратишни маъқулламаса, Украина Россияга қарши мудофаа урушида мағлубиятга учраши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Янги пакетнинг қабул қилинишига Доналд Трамп таъсирида бўлган Республикачилар партияси вакиллари тўсқинлик қилмоқда. 

Мавзуга оид