Ижтимоий тармоқларда икки автоблогер маҳаллий автосаноатни ҳимоя қилиш кераклигини айтиб чиқиши шов-шувларга сабаб бўлди. Kun.uz бу борадаги саволларга асосли ва илмий жавоблар олиш учун АҚШда фаолият юритаётган иқтисодчилар Ботир Қобилов ва Беҳзод Ҳошимовга мурожаат қилди.

Иқтисодиёт илми мутахассислари суҳбат давомида “валютанинг четга чиқиб кетиши” ҳақидаги хавотирлар нега асоссиз экани, импортга чеклов қўйиш қандай қилиб экспортга ҳам тушов бўлиши, оқилона фискал ва монетар шарт-шароитларда импортнинг экспортдан кўп бўлиши нима учун муаммоли ҳолат эмаслигини тушунтириб беришди.

Протеционизмни ёқловчилар кўпинча ўзимизда ишлаб чиқаришни ташкил этмасак, валюта четга чиқиб кетади, бу эса сўмнинг айирбошлаш курсига салбий таъсир қилади, дейди. Бу хавотирлар қанчалик асосли?

Ботир Қобилов: Қарор қабул қилувчилар орасида ҳам, айрим истеъмолчилар орасида ҳам валютанинг ташқарига чиқиб кетиши катта муаммо деган мифга ишонилади. Бир нарсани эслаб олишимиз керак, ўзи экспорт қилишдан мақсад – импорт қила олиш қобилияти. Биз қайсидир корхона нуқтайи назаридан гапирсак ҳам, экспорт қилишдан мақсад экспортдан тушган валютани ишлатиб, кўпроқ импорт қилиш. Уйда хорижий валютани сақлаб туриб, уни ташқарига чиқиб кетишининг олдини олиш – нафақат иқтисодиётга, балки мантиққа ҳам тўғри келмайди. Тасаввур қилинг, сиз барча валютани уйингизда сақлаб, эшик деразаларни ёпиб қўйсангиз, уни ишлата олмасангиз, уни сақлашдан деярли наф йўқ.

Валюта фетишизми деган ибора кўп ишлатилган. Валютанинг четга чиқиб кетиши мамлакатни қашшоқ қилади дейиш – энг катта хатолардан бири.

Беҳзод Ҳошимов: Ҳукумат кабинетларида валюта чиқиб кетиши хавфи бор, савдога чекловларни тугатсак валютасиз қоламиз деган мифлар ҳалиям бор. Кўпчилик экспорт билан импорт ўртасидаги фарқни тушунади. Дейлик, Ўзбекистон 100 сўмлик экспорт, 200 сўмлик импорт қилса, жорий операциялар баланси манфий 100 сўм бўлади. Хўп, 100 сўмлик экспорт қиларканмиз, қандай қилиб 200 сўмлик импорт қиляпмиз? Демак, ўша 200 сўмни қаердандир оляпмиз. Агар мамлакат 100 сўмлик экспорт қилса ва 200 сўмлик импорт қилса, демак, бу пулни қаердандир оляпти. Ўзбекистон мисолида олсак, бунинг катта қисми – чет элдан келган пул ўтказмалари, инвестициялар ва қарзлар бўлиши мумкин.

Германия корхонаси Ўзбекистонда текстил фабрикасини қурса, текстил фабрикасига Хитой ёки Кореядан тикув машинасини олиб келса, ўша йили бу импортни нечидир миллионга оширади. Лекин инвестиция ҳисобига кирган бўлади. Ўзбекистонлик ишчи чет элда меҳнат қилиб уйга пул юборади, унинг уйидагилари Украинада ишлаб чиқарилган шакардан тайёрланган булочка сотиб олсаям, импорт ошади. Бунинг устига, давлат ҳам ўзининг айрим харажатларини импорт ҳисобига қилади: қанақадир “Tashkent city” қурилишига чет эл жиҳозларини олиб келади ва ҳоказо. Ўзбекистон иқтисодиётида кўп ўйинчилар бор, булар – истеъмолчилар, давлат корхоналари, давлатнинг ўзи ва бошқалар – улар чет элдан хизматлар ёки товарлар сотиб олишади ҳамда уларга пул тўлашади. Пулнинг ҳар хил манбалари бор. Айрим манбалар, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда инвестициялар миқдори кўпайиб кетса, шунга мос равишда импорт ҳам кўп бўлади. Чунки инвестицияларнинг бир қисми чет элдан хизмат ёки товар олиб келишга йўналтирилади. Чет эллик технологларни олиб келиш ҳам импорт рақамларига кириши мумкин.