10 апрел куни Тошкентдаги Бўрижар каналининг Чилонзор туманидан оқиб ўтувчи қисмида уч киши чўкиб кетди. Жабрланганлар бири ўрта ёшлардаги Хитой фуқароси, Россия фуқароси бўлган 35 яшар аёл ва унинг 5 яшар боласи экани маълум бўлди.
Kun.uz мазкур бахтсиз ҳодиса биринчиси эмаслигига эътибор қаратди ва каналда юз берган шу каби ҳодисаларни ўрганди.
Халқ тилида «бехосият» дея таърифланувчи Бўрижар каналида олдин ҳам бир неча ўнлаб кишилар чўкиб кетган. Хусусан, 2021 йилнинг ёзида сувда чўкаётган икки нафар фуқарони қутқариш чоғида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларидан бири ҳалок бўлганди. 2020 йилнинг март ойида эса Бўрижар каналидан мурда топилгани ҳақидаги хабар тарқалганди. Ўша йили июл ойида Lacetti’нинг каналга қулаши оқибатида унинг ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этганди.
2019 йилнинг август ойида каналнинг Новза кўчасидан ўтувчи қисмидаги пиёдалар кўприги остида ов қилаётган маҳаллий балиқчининг қармоғига инсон жасади илиниб чиққани шов-шувларга сабаб бўлганди.
2017 йилнинг июл ойида эса қирғоқ ёнидан пиёда ўтаётган фуқаро эҳтиётсизлик туфайли сувга тушиб кетади. 50 метр сузиб толиққан одам дарахт шохларига илиниб қолади. Бахтли тасодиф туфайли махсус қутқарувчилар томонидан унинг ҳаёти сақлаб қолинади.
Бўрижарга қулаган автобус
Kun.uz Бўрижар яқинида яшовчи катта ёшли инсонлар билан суҳбатлашиб, 1973 йил қиш фаслида содир бўлган даҳшатли фожиа ҳақида маълумот тўплади.
1973 йил январ ойининг изғиринли кунларидан бири, тонгги соат 6:00 ларда Бешёғоч – Гўшт комбинати йўналиши бўйича қатнайдиган «Лаз» русумидаги автобус Бўрижар канали ёқалаб бораётиб, сирпанчиқ сабаб бошқарувни йўқотади ва қарийб 30 метр баландликка эга тик қоядан каналга қулайди. Ҳодиса вақтида фақат автобус ҳайдовчиси тирик қолади – у ўзи томондаги эшикдан пастга сакрашга улгуради. Автобусда қолган барча (суҳбатдош уларнинг 60 нафардан ошиқ бўлганини тахмин қилади) ҳодиса жойида ҳалок бўлади.















