Жаҳон | 12:22 / 17.04.2024
5559
3 дақиқада ўқилади

Полша «Европа осмон қалқони» тизимининг бир қисми бўлишни хоҳлаяпти

Полша бош вазири Доналд Туск Россия Федерацияси томонидан эҳтимолий ҳужумга қарши мамлакат ўз ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишни кучайтириши зарурлигини маълум қилди.

Фото: Diehl Defence/abaca/picture alliance

Полша Россия Федерациясининг эҳтимолий ҳужумига қарши ҳаво кенгликларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида «Европа осмон қалқони» ташаббуси (European Sky Shield Initiative, ESSI) лойиҳасида иштирок этиш масаласини жиддий кўриб чиқмоқда. «Бизнинг бугунги вазифамиз Полшани Исроил каби хавфсиз қилиш учун ҳаво ҳудудини ҳимоя этиш мақсадида барча тизимлардан фойдаланишдир», деди бош вазир Доналд Туск 16 апрел, сешанба куни хавфсизлик масалалари бўйича ҳукумат йиғилишидан сўнг.

Тускнинг таъкидлашича, Эроннинг Исроилга ҳужуми пайтида Исроил деярли барча ракета ва учувчисиз учоқларни тутиб олишга муваффақ бўлган, Украина эса Россия ракеталарининг учдан бир қисмини йўқ қилди. «Бундан келиб чиқадики, хавфсизлик даражасини ошириш учун сиз ҳудудингиз устидаги ҳаво бўшлиғини назорат қилишингиз керак», - дея Полша бош вазирининг сўзларидан иқтибос келтиради dpa агентлиги. 

«Европа осмон қалқони» лойиҳаси 

Германия ташаббуси билан яратилган «Европа осмон қалқони» ҳаво мудофаа тизими НАТОнинг ҳимоя соябонини мустаҳкамлашга мўлжалланган. Лойиҳа Европа мамлакатлари томонидан IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизимларини биргаликда сотиб олишни назарда тутади. 

Полшада Германия ташаббусида иштирок этиш бўйича консенсус йўқ. Президент Анжей Дуда аввалроқ ESSI’ни Варшава қўшилмаслиги керак бўлган «немис бизнес лойиҳаси» деб атаган, чунки у АҚШ ва Британия билан бирга Patriot тизимларидан фойдаланади. Мамлакат бош вазири Доналд Туск бунинг тескарисини таъкидлаб, ўз нуқтайи назарини Россия Федерациясидан таҳдид кучайиб бораётган бир шароитда ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича бир нечта лойиҳаларда Полша иштироки ҳеч қандай зарар келтирмаслигини кўраётган полшалик ҳарбийларнинг далиллари билан тасдиқлайди. 

Президент Полшада қуролли кучлар учун масъулдир, аммо ҳукумат қурол сотиб олиш бўйича қарорлар қабул қилади. Туск ва Дуда турли сиёсий лагерларни ифодалайди ва кўплаб ички сиёсат масалалар бўйича келиша олмайди. Шу билан бирга, Полша Украинанинг Россия билан урушдаги энг яқин ҳарбий иттифоқчиларидан биридир. Ғарб ҳарбий ёрдами мамлакат орқали Киевга етказилади. Бу факт Варшавани Украинанинг Европа Иттифоқидаги ҳамкорлари орасида Россия Федерацияси учун асосий потенциал мақсадлардан бирига айлантиради. 

Мавзуга оид