Россия қўшини 17 апрел тонгида Черниҳивни ўққа тутди. Област маъмурияти раҳбари Вячеслав Чауснинг маълумотига кўра, «деярли шаҳар маркази бўйлаб учта ракета зарбаси» йўлланган. У «Суспилне» учун изоҳида аниқлик киритиб, шаҳарга «Искандер» тизимининг учта ракетаси билан зарба берилганини айтган.
Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Олексий Кулеба хабар беришича, шаҳар ўққа тутилиши оқибатида саккиз қаватли турар жой биноси вайрон бўлган, шунингдек тўртта кўп қаватли уй, шифохона, олий таълим муассасаси ва ўнлаб автомобилларга зарар етган. Черниҳив шаҳар маъмурияти раҳбари Дмитро Брижинский «Суспилне» учун интервюсида шаҳарда жами 16 та уй шикастланганини айтган.
Черниҳив мэри вазифасини бажарувчи Олександр Ломако 14 киши ҳалок бўлиб, 61 киши жароҳат олганини маълум қилганди. Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 17 нафарга етган.


Ҳозирда ракеталар келиб тушган жойларда қидирув-қутқарув амалиётлари давом эттирилмоқда, харобалар остида одамлар қолган бўлиши мумкин, деб хабар берган Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко. Унинг маълумотига кўра, ҳужумдан кейин камида уч киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабар беришича, қутқарувчилар харобалар остидан уч кишини чиқариб олган.
Клименко қурбонлар орасида ИИВ ходими бўлганини айтган. «25 ёшли полиция лейтенанти. Аёл қўшни уйда яшаган, касаллик таътили туфайли уйда бўлган. Осколка жароҳатидан ўлим топган», — деган вазир.
Украина президенти Володимир Зеленский қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, қурбонлар ва жабрланганлар сони ортиши мумкинлигини қайд этган. «Агар Украина етарлича ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари олганида ва дунёнинг Россия террорига қарши қатъияти етарли бўлганида бу иш бўлмасди», — дея ёзган президент телеграм-каналида.
Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиққан. «Агар Украина етарлича ҳаво ҳужумидан мудофаа имкониятларига эга бўлганида бу беайб одамлар ҳалок бўлмасди. Уч кун муқаддам Яқин Шарқда биз инсон ҳаётини ракеталардан ишончли ҳимоялаш қандай бўлишини кўрдик. Украинанинг ҳамкорлари бизга украинлар ҳаётини ҳам шундай самарали даражада ҳимоя қилишга ёрдам берадиган зарур воситаларга эга», — дея ёзган Кулеба Х саҳифасида.



















