DW нашри Politico’га таяниб хабар беришича, бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленскийнинг 14 октябр куни Лондонга ташрифи давомида маълум қилинган.
Ракеталарни етказиб бериш учун 1,6 миллиард фунт стерлинг, яъни қарийб 1,89 миллиард евро ажратилиши назарда тутилган. Гап янги буюртма эмас, аввал келишилган ёрдам пакетини тезроқ етказиш ҳақида бормоқда.
Нашрга кўра, LMM ракеталари Украина Қуролли кучларига Россия Украина шаҳарларига йўллаётган реактив дронларни уриб туширишда ёрдам беради.
Буюк Британия бош вазири Энди Бёрнем мамлакат Украина армияси учун янги ҳарбий ечимларни ишлаб чиқишда давом этишини билдирган. Жумладан, Британия технологияларини бошқа иттифоқчилар Украинага берган қуролларга мослаштириш режалаштирилмоқда.
Лондон, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун 45 миллион фунт стерлинглик — 53,2 миллион евролик ракеталар пакетини эълон қилган. Politico маълумотига кўра, Британия ҳукумати қўшимча молиявий ва ҳарбий ёрдам пакетлари ҳамда Россияга қарши янги санкцияларни тайёрламоқда.
Бундан ташқари, Чернобил атом электр станциясидаги ҳимоя иншоотини таъмирлаш учун 17 миллион фунт стерлинг — қарийб 20 миллион евро ажратилади. Иншоот 2025 йилда Россия дрони ҳужуми оқибатида шикастланган.
Британия ҳукумати зарур таъмирлаш ишлари бажарилмаса, коррозия кўп йиллик халқаро сармоялар натижасига путур етказиши ва атроф-муҳит учун узоқ муддатли хавфлар туғдириши мумкинлигини таъкидлаган.
Зеленскийнинг Лондонга ташрифи Киев ва Вашингтон муносабатларидаги таранглик фонида ўтган. Аввалроқ Доналд Трамп Украина Оқ уйнинг сўровларига қарамай, Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришда давом этаётганини танқид қилган ва мамлакатда янги президентлик сайловлари ўтказишга чақирган эди.
Октябрда Трамп Москва билан Россия ёнилғисига нисбатан санкция чекловларини вақтинча юмшатувчи «дизел келишуви»ни ҳам эълон қилган.
АҚШ президенти Россия ва Украина ўртасида «энергетик сулҳ» ҳақида гапирган бўлса-да, DW маълумотига кўра, Москва ҳам, Киев ҳам бундай келишув тузилганини тасдиқламаган. Россия қўшинлари эса Украина энергетика объектларига баллистик ракеталар билан зарбалар беришда давом этган.















