Жаҳон | 12:06 / 18.04.2024
6086
4 дақиқада ўқилади

G7 вазирлари Украина ва Яқин Шарқдаги урушларни муҳокама қилди

«Катта еттилик» Россияни Украинага қарши урушни тўхтатишга ва шу орқали жаҳон иқтисодиёти учун беқарорликнинг асосий манбасини йўқ қилишга чақирди.

Фото: Bernd von Jutrczenka/dpa/picture alliance

Украинадаги уруш ёки Исроилнинг Яқин Шарқда ҲАМАС ташкилотига қарши операцияси каби геосиёсий можаролар жаҳон иқтисодиёти учун катта хавф туғдиради. Хусусан, улар савдо, глобал таъминот занжири ва товар нархларига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда G7 давлатларининг 17 апрел, чоршанба куни кечқурун Вашингтонда бўлиб ўтган «Катта еттилик»ка аъзо мамлакатлар молия вазирлари ва марказий банклари раҳбарларининг учрашувидан сўнг эълон қилинган қўшма баёнотида айтилади.

Россиянинг музлатилган активлари ҳақида 

Учрашув иштирокчилари Москвани Украинадаги урушни тугатишга чақирди, у жаҳон иқтисодиёти учун беқарорликнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу билан бирга, Россиянинг ғарбда музлатиб қўйилган активлари блокланганлиги ва улардан Украинани қўллаб-қувватлаш учун фойдаланишнинг қонуний имкониятларини текширишда давом этиши таъкидланган. 

«Биз Россия Украинага етказган зарари учун товон тўлашига эришиш учун қатъий эканимизни тасдиқлаймиз. Юрисдикциямиздаги Россия суверен активлари ҳозирча тегишли ҳуқуқий тизимларимизга мувофиқ ҳаракатсиз бўлиб қолади», — дея G7 баёнотидан иқтибос келтирган Reuters. 

Аввалроқ, 17 апрел куни АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо тахминан 300 миллиард долларга баҳоланган, музлатилган Россия активлари масаласи бўйича G7 муҳокамалари ҳали ҳам «давом этаётганини» тасдиқлади. 

Апрел ойи ўрталарида Ҳалле-Виттенбергдаги Мартин Лютер университетининг халқаро иқтисодий ҳуқуқ профессори Кристиан Титже DW нашрига берган интервюсида Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилишда Европа Иттифоқининг чекланган позициясини тўғри деб билишини таъкидлади. Эксперт фикрича, бу чеклов «қонун устуворлиги тамойилларининг намоёнидир». «Биз муҳокама қилаётган мавзу нуқтайи назаридан молия бозорлари барқарорлиги қонун устуворлигига боғлиқ ва шунинг учун кимнингдир мулкини олишга осонлик билан қарор қилмаслик керак, ҳатто гап тажовузкорга тегишли давлат мулки ҳақида кетаётган бўлса ҳам», деди у. 

G7 Яқин Шарқдаги вазият ҳақида

Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши бўйича, G7 вакиллари Ғазо сектори тинч аҳолисига гуманитар ёрдам етказиб беришни кенгайтириш тарафдори экани таъкидланди. Яқин Шарқда зудлик билан ва узоқ муддатли сулҳга эришиш, шунингдек, гаровга олинганларни озод қилиш учун саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарур, дея маълумот берди G7. 

Шу билан бирга, Вашингтондаги йиғилиш иштирокчилари Эроннинг яқинда Исроилга амалга оширган кенг кўламли ҳаво ҳужумини қоралаб, Ислом Республикасининг қурол ишлаб чиқариш ва сотиб олиш, шунингдек, уларни можаро ҳудудларига етказиб бериш имкониятларини чеклашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлигини таъкидлади.

«Катта еттилик»ка АҚШ, Канада, Япония, Британия, шунингдек, Германия, Франция ва Италия киради. Айни пайтда, Россия ва Хитойни ўз ичига олган G20 гуруҳида ҳозирги геосиёсий можароларга муносабат мунозарали бўлиб турибди, дея эслатади Reuters.

G7 молия вазирлари ва марказий банк раҳбарларининг Вашингтондаги учрашуви G20 молия вазирлари ва марказий банк раҳбарларининг 17 апрелда бошланган ва 18 апрелда якунланадиган учрашувига параллел равишда ўтказилди. «Катта еттилик» ва «Катта йигирматалик» молия вазирлари ва марказий банклари раҳбарларининг учрашувлари Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки бошқарув органларининг Вашингтонда ўтадиган баҳорги сессиясига тўғри келди. 

Мавзуга оид