Шавкат Мирзиёев «Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
1 июндан бошлаб сейсмик фаол зоналарда МСК-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори баллик сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори биноларни актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, шу жумладан, сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳалаш амалиёти йўлга қўйилади.
1 июлдан бошлаб янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларга бино ва иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларини автоматик мониторинг қилиш ускунасини ўрнатиш мажбурий бўлади.
Мониторинг қилиш ускуналарининг мажбурий ўрнатилишини назорат қилиш Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига, улардан олинадиган маълумотларнинг ягона базасини юритиш ва мониторинг қилиш эса Тошкент архитектура-қурилиш университетига юкланган.
1 июлдан бошлаб МСК-64 шкаласи бўйича 5 ва ундан юқори баллик ер силкиниши содир бўлганда бино ва иншоотларнинг ҳолати бўйича юк кўтарувчи конструкцияларни автоматик мониторинг қилиш ускуналаридан олинган маълумотлар тезкор равишда таҳлил қилинади. Бино ва иншоотларда аниқланган хавф бўйича зудлик билан Ўзбекистон аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига ахборот киритилиши шарт.
Республика кенгаши уч кун муддатда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда зилзила натижасида аниқланган бино ва иншоотларнинг заиф нуқталарини мустаҳкамлаш ва хавфни бартараф этиш чораларини белгилаб, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди.
Шунингдек, 1 июндан янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларда газ ва электр тармоқларини кучли зилзила пайтида автоматик блоклаш тизими билан лойиҳалаш тартиби жорий этилади.
Қарорда содир бўлган зилзилалар ва фасллардаги намгарчиликлар таъсиридан чўккан ҳамда деформациялар пайдо бўлган бино ва иншоотларни мустаҳкамлаш ишларига «илғор, замонавий ва хавфсиз ёндашувларни» жорий этиш белгиланган.
Шу мақсадда 1 июлга қадар техник ҳолати қониқарсиз деб топилган мавжуд бино ва иншоотларни «компенсацион инъекция технологияси орқали мустаҳкамлаш ва деформацияни олдинги ҳолатига қайтариш» услуби орқали қайта тиклаш ишлари эксперимент тариқасида амалга оширилади.
Октябр ойига қадар эксперимент натижалари асосида бино ва иншоотлар пойдеворини мустаҳкамлаш ва деформацияларини бартараф этиш услубини амалиётга тўлиқ жорий этиш чоралари кўрилиши керак.















