АҚШ конгрессининг республикачилар кўпчиликни ташкил этадиган Вакиллар палатаси томонидан Украинага зудлик билан ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунда Киев учун Россия билан курашишга расман 61 миллиард доллар ажратилиши маълум қилинган. Аммо амалда Украина оладиган ёрдам миқдори 2023 йилдагидан ва сўраётганидан камроқ бўлади. «Медуза» Вашингтоннинг Киевга бу ёрдами нимадан иборат бўлиши, Украина қуролли кучлари янги қонун доирасида нималардан умид қилиши ҳамда Доналд Трамп президентликка сайланиши келгусида таъминотга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўриб чиқди.

Америкадан Украинага қурол-яроғ етказилиши нега тўхтаб қолганди?

Жо Байден маъмуриятида 2023 йил охирига келиб пул тугаб қолганди — аммо умуман Киевга ёрдам беришга эмас, балки Украинага қурол етказиб беришда фойдаланиладиган каналларни молиялаштиришга.

  • Асосий канал АҚШ армияси омборларида сақланадиган қурол ва ўқ-дориларни ҳисобдан чиқаришга асосланган. Қуролларни иттифоқчилар фойдасига «ҳисобдан чиқариш» (President Drawdown Authority, ёки PDA) ҳуқуқи президентга 1961 йилги ташқи ёрдам тўғрисидаги қонун билан тақдим этилган. Ҳужжатда бир йил учун 100 миллион долларлик техника ва ўқ-дориларни «ҳисобдан чиқариш» мумкинлиги кўрсатилган, аммо конгресс бу суммани истаганича ошира олади.
  • 2022 йилда, Россия босқинига тайёргарлик кўрилаётган маҳалда, қонунчилар Байденнинг таклифи билан PDA лимитини 11 миллиард долларга, 2023 йилда, Украина қарши ҳужум режалаштираётганида — 14,5 миллиард долларгача кўпайтирганди.
  • PDA каналининг асосий устунлиги — етказиб бериш тезлиги ва мослашувчанлиги. Юклаш жараёни президент техника ва ўқ-дорилар етказиш тўғрисида қарор қабул қилганидан кейинги бир кун ичида бошланади, Украинага эса бир ҳафта ёки кўпи билан — бир ойда етиб боради. Хусусан, Украина қуролли кучларининг 2023 йилги қарши ҳужуми учун деярли барча қуролларга беш миллиард доллардан ортиқ маблағ январ ойида тўлаб берилган, май ойига келиб улар Запорижжя ва Донецк областларидаги олдинги позицияларда турганди.
  • АҚШ мудофаа вазирлигининг Украинага навбатдаги ёрдам пакети ажратиш тўғрисидаги хабарларида мунтазам равишда айнан PDA траншлари тилга олинади. Украина Россияга қарши айнан шу қуроллар билан курашиб келмоқда. Ўтган вақт ичида жами 55 та ёрдам пакети ажратилган.
  • 2023 йилда (катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари муваффақиятига умид қилган ҳолда) 14,5 миллиард долларлик PDA лимити август ойидаёқ ишлатиб бўлинганди. Аммо муаммони бухгалтерия усулларида ҳал қилишнинг имкони бўлади: Пентагон икки йил давомида етказиб берилган қуролларни бошқача нархларда ҳисоблаб чиқади ва шу тариқа яна олти ярим миллиард доллар «топилади». Бу орқали декабр ойига қадар ёрдам пакетлари ажратишда давом этилади.