Хитой жанубидаги Гуандун провинциясига ёпирилган кучли ёғингарчиликлар расмийларни мамлакатнинг аҳоли тиғиз яшайдиган ушбу қисмида 110 минг кишини эвакуация қилишга мажбур қилди.

Xinhua давлат ахборот агентлиги хабар беришича, 22 апрел ҳолатига кўра, тўрт киши ҳалок бўлиб, яна 10 киши бедарак йўқолган.

Агентликка кўра, 36 та уй қулаган, яна 48 таси жиддий шикастланган. Сув тошқинлари етказган жами зарар миқдори айни вақтга келиб 140 млн юандан ортиққа (19 млн АҚШ доллари) баҳоланмоқда.

Гуандун провинциясида Марварид дарёси делтасида сув босган участканинг аэрофототасвири. Фото: VCG 

Марварид дарё (Чжуцзян деб ҳам аталади) делтаси Хитой жанубидаги иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган ҳудуд, электрон қурилмалар, ўйинчоқлар, либос ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган марказлардан бири ҳисобланади. Мамлакат савдо айланмасининг тахминан учдан бир қисми ушбу дарё делтасидаги иқтисодий зона ҳиссасига тўғри келади. Минтақада 127 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Ушбу регионда фаолият кўрсатувчи икки компания раҳбарлари Reuters агентлиги билан суҳбатда экстремал об-ҳаво шароитига қарамай, бизнеснинг ўзи ёки етказиб бериш занжирлари учун ошиғич салбий оқибатлар йўқлигини маълум қилган.

Илон Маскнинг Tesla автомобил компанияси учун ҳам босиш платалари ишлаб чиқарувчи Camelot PCB компанияси одатдаги тартибда ишлашда давом этаётганини маълум қилган.

Шунингдек, пластмассалар ишлаб чиқарувчи, Apple, Huawei ва Samsung каби технология гигантларини таъминловчи Polyrocks Chemical компанияси ҳам барчаси жойида эканини билдирган.

Гуандун провинциясидаги қишлоқлардан бирида қутқарувчилар қийин авҳолда қолган одамлардан бирини томдан тушириб олмоқда
VISUAL CHINA GROUP

Давлат нашрларида намойиш этилган кадрларда ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ер участкалари ва кўчалар сув остида қолгани, қутқарувчилар сув кечиб одамларни хавфсиз жойларга олиб ўтаётгани акс этган.

Душанба тонгида расмийлар провинция шимолидаги дарёларда сув сатҳи максимумга етиши мумкинлиги, бундай ҳолат «100 йилда рўй бериши», аммо ҳозирча бу рўй бермаганини маълум қилган.