ЕИ комиссари: Гуржистоннинг «чет эл агентлари» ҳақидаги қонуни ЕИ меъёрларидан узоқ
Гуржистонда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун қабул қилиниши Тбилисининг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларини хавф остига қўяди, деди Янез Ленарчич Европарламентдаги дебатда.
Европа Иттифоқи Гуржистон ҳукуматини «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирмоқда. Бу ҳақда Европарламент минбарида 23 апрел, сешанба куни бўлиб ўтган дебатлар чоғида инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич айтди.
«Бу қонун лойиҳаси Европа меъёрлари ва қадриятларига тўғри келмаслиги аниқ, агар у қабул қилинса, Гуржистоннинг келажакдаги Европа йўлини хавф остига қўяди», деди Европа комиссари. Гуржистон парламенти қонун лойиҳасини 17 апрел куни биринчи ўқишда қабул қилди.
ЕИ комиссари Гуржистон ҳукуматини бирлашишга чақирди
Ленарчич эслатганидек, 2023 йил март ойида Гуржистон ҳукмрон партияси ҳам худди шундай қонунни қабул қилишга уриниб кўрган, бироқ оммавий норозиликлардан сўнг «ўз фуқароларига бундай қонун бошқа кўриб чиқилмаслигини ваъда қилган ҳолда» бу қадамдан воз кечган. Ўтган декабрда Европа кенгаши Тбилисига ЕИ аъзолигига номзод мақомини берган эди. «Гуржистоннинг келажаги Европа Иттифоқида, бизнинг эшикларимиз очиқ», деди Европа комиссари ва Гуржистон раҳбариятини «мамлакатни Европа йўлидан узоқлаштирмасликка» чақирди.
«Чет эл агентлари» қонунига кўра, молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хориждан оладиган нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари хорижий манфаатларни олға сурувчи ташкилот сифатида рўйхатдан ўтиши шарт. Ленарчич фикрича, бундай қонун Гуржистондаги фуқаролик жамиятининг эркин фаолият юритиш имкониятини чеклайди. Бундан ташқари, янги ҳуқуқий меъёр Гуржистон фуқароларининг ЕИдан қўллаб-қувватланишига таъсир қилади, чунки «бу ёрдамнинг бир қисми нодавлат ташкилотлари орқали келади», деди Европа комиссари.
Ленарчич Гуржистон ҳукуматини «Европа Иттифоқига қўшилиш мақсади атрофида миллий консенсус яратишга» чақирди. Гуржистондаги барча ҳокимият тармоқлари бир-бири билан ва фуқаролик жамияти билан конструктив ҳамкорлик қила бошлагандагина бу мақсадга эришиш мумкин, деди Европа комиссари.
Мавзуга оид
14:00 / 16.11.2024
Гуржистонсиз 30 йил: Абхазия ва Жанубий Осетия қандай яшамоқда?
11:04 / 15.11.2024
РФда «чет эл агентлари»нинг айрим даромадлардан фойдаланиши қийинлашади
11:59 / 08.11.2024
РФда «чет эл агентлари» ва мамлакатни тарк этганлар даромаддан маҳрум қилинади
13:37 / 06.11.2024