Жаҳон | 08:16 / 26.04.2024
3256
2 дақиқада ўқилади

Украина аграр сиёсат вазири истеъфога чиқди

Украина миллий аксилкоррупция бюроси Николай Солскийни давлат ерларини ноқонуний эгаллаб олганликда гумон қилмоқда.

Фото: Pacific Press/picture alliance

Украина аграр сиёсат вазири Николай Солский истеъфога чиқди. Бу ҳақда 25 апрел, пайшанба куни Олий рада спикери Руслан Стефанчук маълум қилди. «Украина Олий радаси Николай Солскийдан вазирлик лавозимидан истеъфога чиққани ҳақида ариза олди», — деб ёзди у Facebook’да. Стефанчукнинг аниқлик киритишича, депутатлар аризани кейинги ялпи мажлислардан бирида кўриб чиқади

23 апрел куни Украина Коррупцияга қарши миллий бюроси (УКҚБ) амалдаги вазир бошчилигидаги коррупция схемаси иштирокчиларига қарши айбловлар қўйди, амалдор умумий майдони 2493 гектар бўлган давлат ерларини эгаллаб олган. Украинанинг Страна.ua нашрига кўра, Солский Украина президенти девони собиқ раҳбари Андрей Богданнинг бизнес шериги бўлган. Бир кун аввал «Главком» нашри Украина аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири ўринбосари Маркиян Дмитрасевич мамлакатни тарк этгани ҳақида хабар берган эди. 

УКҚБ Солскийни давлат ерларини ноқонуний эгаллаб олганликда гумон қилмоқда. Тергов маълумотларига кўра, 2017 йилда ўша пайтда бир нечта қишлоқ хўжалиги ширкатларига эга бўлган амалдаги вазир Суми вилоятидаги иккита давлат корхонаси фойдаланаётган ерларни ўзлаштириб олиш мақсадида Украина Давлат геокадастр раҳбари билан тил бириктирган. Аввалига, улар давлат корхоналари ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳужжатларни йўқ қилди. Кейин ерлар аксилтеррорчилик операцияси иштирокчиларига хусусий мулкка ўтказилди, улар ўз навбатида уни Солский компанияларига ижарага беришди. Натижада, идора бошлиғи Суми вилоятида 291 миллион гривналик давлат ерларини ноқонуний равишда эгаллаб олган ва яна 190 миллион гривналик ерни эгаллаб олишга уринган.

Мавзуга оид