Одесса области маъмурияти раҳбари Сергей Кипернинг хабар беришича, зарба «одессаликлар ва шаҳар меҳмонлари орасида машҳур бўлган, болалар ва итлар билан сайр қилиниб, спорт билан шуғулланиладиган локациялардан бирига» баллистик ракета орқали йўлланган.

Кипернинг сўзларига кўра, яраланганларнинг 25 нафари шифохонага ётқизилган, улар орасида икки нафар бола ҳамда бир ҳомиладор аёл ҳам бор. «Беш ёшга ҳам тўлмаган қизча ўта оғир аҳволда. Катта ёшлилардан яна олти нафари жонлантириш бўлимида. Шифокорларимиз барча имкон доирасидаги ва имконсиз ишларни ҳам қилмоқда», — деган област раҳбари.

Украинадаги ижтимоий тармоқларда денгиз яқинида, пляжга олиб борувчи йўлда қонга беланиб ётган жасадларнинг фотосуратлари тарқалган. Ўққа тутиш оқибатида бир ит ҳам нобуд бўлган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари жониворнинг эгаси бўлган аёл жасад устида йиғлаётгани акс этган видеони тарқатган.

«Одесса… Одамлар денгиз атрофида сайр қилишаётганди, улар эса ўққа тутишди ва ўлдиришди. Улар айтишадики… гўёки болаларни, одамларни ўлдириш орқали ўзларини ҳимоя қилишмоқда», — дея ёзган Одесса мэри Геннадий Труханов.

Одесса мэри Россия ракетаси тушган жойда. Фото: Reuters

Кипернинг айтишича, дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумда кассетали ўқ-дорига эга ракетадан фойдаланилган. «Бундай ўқ-дорилар жонли кучларга кўпроқ зарар етказиш учун қўлланади ва биринчи навбатда техникалар ва қурилмаларга эмас, одамларга таҳдид солади», — дейилади област маъмурияти раҳбари хабарида. Украина Жануб мудофаа кучлари расмийси Дмитро Плетенчук ҳам ҳужумда кассетали ўқ-дорига эга «Искандер-М» ракетасидан фойдаланилганини таъкидлаган.

Россиялик ҳарбийлар Одесса бўйлаб зарба юзасидан изоҳ бермаган, РФ мудофаа вазирлигининг кечқурунги ҳисоботида ҳам ушбу зарба ҳақида тилга олинмаган.

Зарбадан олдин Украина жанубида ҳаво тревогаси эълон қилинган, ҳарбийлар баллистик ракета қўлланиши хавфидан огоҳлантиришган.

«Киваловнинг қалъаси» шикастланган

Зарба оқибатида Одессадаги энг таниқли бинолардан бири — маҳаллий аҳоли «Ҳарри Поттер қалъаси» ёки «Кивалов қалъаси» деб атайдиган бино шикастланган. Бу ерда Одесса юридик академияси биноларидан бири жойлашган, украин нашрлари маълумотига кўра, Киваловнинг ўзи ҳам бу ерда яшаб турган — у ушбу ўқув муассаси президенти ҳисобланади.