Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, МиГ-29 қирувчи самолёти 10 август куни кечқурун Одесса вилоятида жанговар топшириқни бажариш чоғида йўқотилган.

Маълум қилинишича, учувчи Одесса вилояти осмонида ҳаводаги нишонларни йўқ қилиш бўйича жанговар вазифани бажараётган бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, авиация ракетасини учириш вақтида самолёт бортида фавқулодда ҳолат юз берган. Шундан сўнг МиГ-29 ёниб кетган ва учувчи уни бошқариш имкониятини йўқотган.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари учувчи самолётни сақлаб қолишга ҳаракат қилганини, бироқ бунинг имкони бўлмаганини маълум қилди.

Натижада учувчи МиГ-29дан муваффақиятли катапулта қилган. У ҳодиса жойидан тиббиёт муассасасига етказилган. Ҳозирча унинг аҳволи ҳақида батафсил маълумот берилмаган.

Ҳодисанинг аниқ сабабларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

МиГ-29 билан боғлиқ ҳодисадан сал аввал Украина ҳарбийлари Россияга тегишли деб кўрсатилган реактив дронлар Одесса вилоятидаги Пивденне порт шаҳри томон ҳаракатланаётгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ ушбу дронларнинг самолёт ҳалокатига алоқадорлиги ҳақида маълумот келтирилмаган.

Бу Украина ҳарбий авиациясида сўнгги вақтларда қайд этилган биринчи шундай ҳодиса эмас.

29 июл куни Россия ҳаво нишонларини тутиб қолиш бўйича жанговар вазифани бажараётган Украина F-16 қирувчи самолётида ҳам фавқулодда ҳолат юз берган. Ўшанда ҳам учувчи катапульта қилиб, омон қолган.

Июн ойи охирида эса Украинага тегишли яна бир МиГ-29 Полтава вилоятида ҳалокатга учраган. Ушбу самолёт учувчиси ҳам ўз вақтида катапулта қилиб, қутқариб қолинган.