Россиялик ҳарбийлар 30 июлга ўтар кечаси Украина регионлари бўйлаб ёпирилма ҳужум уюштирди, унда 70 дан ортиқ ракета ва 280 дан ортиқ дрон ишлатилган. Киев шаҳри ва Киев области, Днипропетровск, Лвив, Полтава, Харкив, Миколайив, Суми, Винница, Черкасс ва Ивано-Франковск областлари зарба остида қолди, деб хабар берди Украина президенти Володимир Зеленский. Ҳужумлар оқибатида бутун мамлакат бўйлаб саккиз киши ҳалок бўлган ва ўнлаб кишилар жабрланган.

  • Киевда зарба оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, икки киши жабрланган. Шаҳарнинг икки районида ёнғин рўй берган: Оболон районида бозор ҳудудидаги савдо павилёни ёниб кетган, Святошинск районида гаражлар кооперативи ҳудудида ёнғин чиққан. Ҳужум вақтида 56 мингдан ортиқ киевликлар метро бекатларига тушиб, жон сақлаган.
  • Киев областида беш киши, жумладан, бир бола Россия ҳужумидан жабрланди. Бровари райони Скибин қишлоғида икки қаватли хусусий уй қисман вайрон бўлган, унга қўшни жойлашган яна икки уй ҳам шикастланган.
  • Днипропетровск области Радушное қишлоғида олти киши, жумладан икки бола ҳалок бўлган, саккиз киши жароҳат олган. Маҳаллий расмийларга кўра, Россия ракетаси кўп фарзандли оила истиқомат қилган хусусий уйга келиб урилган. Қутқарувчиларга кўра, бу ерда иккита хусусий уй вайрон бўлиб, яна бештаси шикастланган. Харобалар остидан икки бола чиқариб олинган, яна беш киши ичкарида қолиб кетган бўлиши мумкин. Қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда. Радушноега яқин жойлашган Кривий Риҳ шаҳрида 31 июл қурбонлар хотираси учун мотам куни деб эълон қилинди.
  • Лвивда эса 34 киши жароҳат олган, бу ерда тунги ракета ҳужуми вақтида бир неча уй қисман вайрон бўлган. Беш қаватли бино харобалар остида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин. Шаҳар мэри Андрей Садовий хабар беришича, Россия ракетаси Виговский кўчасидаги уйлардан бирига келиб урилган, аммо портламаган. Ракетанинг жанговар қисми зарарсизлантирилган. Ливвда ҳужум оқибатида жами 20 дан ортиқ уй, болалар боғчаси ва мактаб биноси шикастланган.
  • Полтава областида бир киши ҳалок бўлган. Россия зарбасидан кейин маҳаллий корхоналардан бирининг омборлари, шунингдек, «Новая почта» терминали вайрон бўлган.
Россиянинг Лвив бўйлаб ҳужуми вақтида вайрон бўлган кўп қаватли уй
Roman Baluk / Reuters / Scanpix / LETA

РФ Мудофаа вазирлиги Россия ҳарбийлари Киев, Лвив, Днипропетровск области ва Украинанинг бошқа ҳудудларидаги ҳарбий аэродромлар, ҳарбий корхоналар ва логистика марказларига зарбалар берганини маълум қилди. Бундан ташқари, вазирлик Одессада ва Жанубий портда гўёки «ҳарбий мол-мулк» етказиб бераётган юк кемалари ҳужумлар нишони бўлганини таъкидлаган.