Жамият | 10:43 / 03.05.2024
17586
2 дақиқада ўқилади

Эски жўва бозорида заргарлик дўконидан 49 млн сўмлик тилла буюмларни ўғирлаб кетган 12 ёшли бола ушланди

Эски жўва бозорида жойлашган заргарлик дўконига аёл 12 ёшли бола билан келиб, заргарлик буюмларини узоқ вақт кўрган. Сўнг у 49 млн сўмлик тилла буюмларни танлаган ва сотиб олиш истагини билдириб қўлига олган ҳолда ўғлига берган. 12 ёшли бола эса номаълум томонга қочиб чиқиб кетган.

Фото: Миллий гвардия

Тошкент шаҳрида Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор тадбир натижасида заргарлик дўконидан ўғирланган 49 миллион сўмлик тилла буюмлари ўз эгасига қайтарилди.

Пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга Олмазор туманида яшовчи фуқаро M.С. томонидан мурожаат келиб тушган.

Унга кўра, фуқаро ўзи сотувчи бўлиб ишлайдиган Эски жўва бозорида жойлашган заргарлик дўконига жорий йилнинг 28 апрел куни номаълум аёл ўсмир бола билан келгани ва заргарлик буюмларини узоқ вақт кўриб, 49 миллион сўмлик тилла буюмларни танлагани ҳамда сотиб олиш истагини билдириб қўлига олган ҳолда ўғлига бергани, ўғли эса дарҳол номаълум томонга қочиб чиқиб кетгани ҳақида маълум қилган.

Дастлабки суриштирувлар натижасида ушбу аёл Қўқон шаҳрида яшовчи 49 ёшли Х.Г., ёнидаги ўсмир эса унинг 12 ёшли ўғли И.А. экани аниқланган.

Олиб борилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар натижасида Миллий гвардия ходимлари томонидан воқеа жойидан қочиб кетган вояга етмаган бола қўлга олиниб, қимматбаҳо буюмлар ўрнатилган тартибда ўз эгасига қайтарилган.

Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид