Ўзбекистон ЕИга маҳсулотлар экспортини оширишда Латвия портидан фойдаланиши мумкин
Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов раҳбарлигидаги делегация Рига шаҳрига борди.
"Дунё" хабарига кўра, ташриф давомида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, миллий маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш ва мамлакат иқтисодиётига тўғридан тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Хусусан, Рига мэрининг ўринбосари Линда Озола билан кечган учрашувда савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм, таълим ва маданият соҳаларидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Якунда Рига шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган маданий тадбирларда Фарғона вилояти вакилларининг иштирокини таъминлаш тўғрисида келишиб олинди.
Мамлакат делегацияси аъзолари, шунингдек, Рига эркин порти (РЭП) директори ўринбосари Эдгарс Суна билан музокаралар олиб борди. Унда Латвия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини ошириш, жумладан, порт терминали инфратузилмасидан фаол фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан РЭП ҳудудидаги омборхона биноларини сотиб олиш ёки ижара асосида фойдаланиш, уларга имтиёз ва преференциялар бериш масалалари кўриб чиқилди. Эдгарс Суна ушбу масалада порт раҳбарияти ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув сўнггида қисқа вақт ичида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди.
Делегациянинг Рига шаҳридаги Ўзбекистон савдо уйига ташрифи давомида икки давлат тадбиркорлари ўртасида B2B форматидаги учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, жумладан, Фарғона вилоятининг инвестициявий ва экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берилди. Музокаралар натижасида Латвия бозорига қишлоқ хўжалиги, маиший кимё, қандолат ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, 25 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилди.
Мавзуга оид
12:04 / 16.12.2024
Латвияда ФБК даъволари текширилгач коррупция аниқланмади
15:32 / 11.12.2024
Ўзбекистон маҳсулотларини Қозоғистон портлари орқали ташиш йўлга қўйилади
15:18 / 10.11.2024
«Қарз қопқони»: Хитой тасарруфига ўтган Шри Ланка порти
14:30 / 17.10.2024