“Ўзбекистон темир йўллари” Амударё туманида Амударё устидан ўтган янги автомобил ва темирйўл кўприги 7-9 май кунлари автотранспортлар ҳаракати учун тўхтатилиши ҳақида хабар бериб, сўнг буни рад этди.

Бирламчи хабарда (айни пайтда ўчирилган) Қипчоқ – Блокпост станциялари оралиғидаги темирйўл кесишмасини жиҳозлаш бўйича қўшимча ишлар олиб борилиши, шу сабабли 7 май куни соат 14:00 дан 9 май соат 14:00 гача кўприкда автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилиши, бу даврда автотранспортлар ҳаракати Қипчоқ понтон кўприги орқали амалга оширилиши айтилганди.

Бир неча соат ўтиб, компания кўприк ёпилмаслигини маълум қилди.

“7-9 май кунлари Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасини боғловчи кўприк ёпилмайди. Автотранспортлар қатнови одатдаги режимда давом этади”, – дейилади тузатувчи хабарда.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини боғловчи бу кўприк шу йил 29 февралда очилган эди.

Кўприк узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темирйўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилган.

Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобил ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади.