Россия мудофаа вазирлиги Бош штаб президент Владимир Путиннинг топшириғига кўра яқин вақтлар ичида Жанубий ҳарбий округнинг ракета тузилмалари ва Ҳарбий-денгиз флот кучларининг ўқув машғулотларини ўтказишга тайёргарлик кўришни бошлаган: унда «ностратегик ядро қуролларини тайёрлаш ва қўллаш масалалари» (тактик деб ҳам аталади)ни ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Хабарда айтилишича, машғулотлар «ғарблик расмий шахсларнинг провокацион баёнотлари ва таҳдидлари»га жавобан тайёрланмоқда ҳамда «яқин вақтлар ичида» ўтказилади. Айнан қандай баёнот ҳақида гап кетаётганига хабарда аниқлик киритилмаган. Машғулотларнинг ўтказилиш жойи ҳақида ҳам хабар берилмаган.
Кейинроқ душанба куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков гап Франция президенти «жаноб Макрон, британ расмийлари» ва гўёки Украинага қуролланган контингент юбориш ниятлари ҳақида гапирган «АҚШ сенати вакиллари» ҳақида бораётганини айтди.
«Бу кескинлик кучайишининг бутунлай янги босқичи. Бу мисли кўрилмаган ҳолат бўлиб, алоҳида эътибор ва чора-тадбирларни талаб қилади», — дея Кремл вакилидан иқтибос келтирган «Интерфакс».
2024 йил феврали охирида Financial Times Россиянинг ўз журналистлари танишган махфий ҳужжатлари ҳақида хабар берганди: бу ҳужжатлар Россиянинг тактик ядро қуролларига алоқадор бўлган.
Мақолада келтирилишича, Россия уни қўллаши эҳтимоли амалда россиялик расмий шахсларнинг ошкора баёнотларидагидан анча паст ҳисобланади.
«Мутлақо ўринсиз» баёнот
Песковнинг душанба кунги баёнотига жавобан Қўшма Штатлар Москванинг «масъулиятсиз риторикаси»ни қоралади.
«Бу биз ўтмишда ҳам Россиядан эшитган масъулиятсиз риторика намунаси», — деди журналистларга Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер.
«Ҳозирги хавфсизлик ҳолати ҳисобга олинса, бу мутлақо ўринсиз баёнот», — дея қўшимча қилган генерал.
Шу билан бирга, Райдер Америка разведкаси «[Россиянинг] стратегик кучлари позицияларида ҳеч қандай ўзгаришлар»ни қайд этмаганини маълум қилди.
«Шубҳасиз, биз кузатишда давом этамиз», — дея хулоса қилган Пентагон матбуот котиби.
BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксенов: «Тактик ядро қуроли сиёсатчилар ва ҳарбийлар уни қўллашдан тортинмаслиги билан хавфли:

















