Франция Хитойдан Украинадаги уруш масаласида Россияга босим қилишни сўраяпти, лекин Париж бунинг эвазига Пекинга нима таклиф қила олади? Kun.uz Си Жинпингнинг Европага сафари фонида икки томон манфаатларини кўриб чиқиш учун сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Алоуддин Комиловга юзланди.

Си Жинпингнинг Европага, жумладан Францияга ташрифининг асосий мақсадлари нималардан иборат?

Алоуддин Комилов: — Хитой–Европа муносабатлари жуда кенг қамровли. Ташқи сиёсат ўрганилаётганда халқаро муносабатлар, институтлар ва шахслар даражасида қаралади. Ҳозирги пайтда АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддият кучайиб боряпти, бу зиддиятда Европанинг роли катта савол остида турибди. АҚШ Хитойга нисбатан Европа ҳам ўзи қўллаган сиёсатни қўллашини истаяпти, лекин баъзи давлатлар бундан норози, шулардан бири – Франция.

Охирги вақтларда Хитой ва Европа муносабатлари оғир аҳволда эди, пандемия бошланиши, Пекиннинг Украина урушида Россияни қўллаши, авторитар тизим, савдо-сотиқ билан муаммолар, Европадаги Хитой жосуслигига шубҳалар ҳам Хитой ва Европа муносабатларини оғирлаштириб юборди. Шу фонда Си Жинпинг биринчи навбатда Францияга ташриф буюрди. Ташрифда сиёсий масалалардан ташқари савдо, инвестиция масалалари ҳам кўриб чиқилиши кутиляпти.

Нега айнан Франция? Чунки Франция Европа давлатлари ичида ўзининг алоҳида стратегик қарашларига эга, тарихдан шаклланган бу. Масалан, Франция президентларидан бири Шарл де-Гол Францияни, умуман, Европани АҚШ таъсиридан чиқариб, стратегик мустақил бўлишини хоҳлаган эди. Ҳозирги кунда ҳам Макроннинг сиёсатидан бири стратегик автономияга эришиш. Стратегик автономия деганда Франция ва Европа ўз танлов ҳуқуқига эга бўлишини хоҳлаяпти. АҚШ ва Хитой зиддияти кучайиб бораётган фонда ҳам шу танлов ҳуқуқига эга бўлмоқчи, агар эҳтимолий тўқнашув юзага келса, икки давлат орасида қолиб кетишни хоҳламаяпти. Ангела Меркел ҳокимиятдан кетгач, Европада ташқи сиёсатда асосий лидер Макрон бўлиб қоляпти, шунинг учун ҳам Францияга борди.

Камолиддин Раббимов: — Си Жинпингнинг ЕИга кейинги 5 йилда биринчи сафари бўлди, охирги марта 2019 йилда бўлганди. Хитой билан алоқалари яхши бўлган давлат Франция, Си Жинпинг даражасидаги катта сиёсатчи сифатида Макрон кўриляпти. Германияда ҳокимият ўзгаргач, ЕИ бўйича ташаббусларни кўпроқ Макрон илгари суряпти. Украина уруши бошлангач, Макрон Хитойга бориб, урушга аралашишни Си Жинпингдан сўраганди.