Россия қўшини шарқда янги фронт очди ва уч кун ичида иккита оператив йўналишда 5–7 километр масофага илгарилади. РФ қуролли кучлари пиёдалари артиллерия ҳамда авиация кўмагида 10 майга ўтар кечаси Белгород ва Харкив областлари чегарасидан ўтиб, дастлаб Украина чегара хизматининг онда-сонда учрайдиган взводларининг бош разведка бошқармаси отрядлари билан кучайтирилган таянч пунктларини эгаллади. Бир кун ўтиб эса РФ қуролли кучлари чегара яқинидаги бир қанча қишлоқларни назоратига олди ва Харкив чеккасидаги Липци қишлоғи ҳамда шарқроқда жойлашган Вовчанск шаҳрига (рус тилида Волчанск) яқинлашиб келишди. 13 май куни ушбу аҳоли яшаш манзилларидан иккинчисини штурм қилиш бошланди.

Вовчанск

  • Харкивдан 50 километр шимоли-шарқда жойлашган (Россия билан чегарадан атиги беш километр) ушбу шаҳар ярим йиллик оккупациядан кейин 2022 йил октябрида Украина қуролли кучлари томонидан озод этилганди. Ўтган вақт мобайнида украин қўшини шаҳар атрофида мустаҳкам мудофаа чизиғи ташкил эта олмади — муҳандислик ишларига Россия билан чегара яқинлиги ва ҳудуд чегаранинг у томонидан мунтазам равишда ўққа тутиб турилгани халал берди.
  • Асосий мудофаа линияси шаҳардан 10–12 километр жануброқдан ўтади. Шимолда фақат тарқоқ ҳолда жойлашган кичик таянч пунктлари жойлашган, Украина қуролли кучлари Россия юриши олдидан Бош разведка бошқармасига бўйсунувчи, базалари Харкив шаҳри ва област ҳудудида бўлган отрядларни («Кракен», «Россия кўнгиллилар корпуси» ва бошқалар; мазкур гуруҳлар йил бошида Белгород областига уюштирилган рейдларда иштирок этганди) ушу нуқталарга юборганди. 
  • Волчя дарёси (Авдийивкадан ғарбдан ўтган шу номли бошқа дарё билан адаштирмаслик керак) шаҳарни қоқ иккига ажратиб туради. РФ қуролли кучлари ҳозирча дарёдан шимолдаги ҳудудга ҳужум қилмоқда. Сўнгги кунларда дарё орқали ўтган бир қанча кўприклар портлатилди (бу ишни рақиблардан қайси бири амалга оширгани — номаълум). Кейинроқ шаҳарнинг кам сонли ҳимоячилари дарё ортига чекингани маълум бўлди. Воқеаларнинг кейинги ривожи РФ қуролли кучлари Волчяни қанчалик тез кечиб, шаҳар ичкарисига ёки ундан ғарбдаги ҳудудга ўтишига боғлиқ.
  • Кўринишидан, Украина қуролли кучлари ҳудуддаги асосий мудофаа чизиғидан шимолда рақибга жанг таклиф этиш учун Вовчанск атрофига захира кучларни ташлашни режалаштирмоқда; Россия қўмондонлиги ҳам украинларнинг 2023 йил ёзидаги қарши ҳужуми чоғида шундай йўл тутганди. Ўшанда асосий мудофаа чизиғига ҳужум қилган Украина қуролли кучлари бригадалари бир неча ҳафталик жанглардан кейин ҳолдан тойган ва асосий мудофаа чизиғини ёриб ўтолмаганди.
  • Украина қуролли кучларининг муаммоси шундаки, 2023 йилдаги РФ қуролли кучларидан фарқли равишда, улар янги фронт чизиғини нолдан ташкил этишига тўғри келади: Донбассда Россиянинг сўнгги ойлардаги тинкани қуритувчи юриши туфайли украин қўмондонлиги иккинчи даражали ва нисбатан сокин бўлган Харкив йўналишида йирик захираларни ушлаб тура олмаганди. Ушбу йўналишда муҳандислик мудофаа иншоотлари бор бўлгани билан (окоплар, траншеялар, бункерлар) улар жанговар қўшинлар билан тўлдирилмаган ҳолатда фойдасиз бўлиб чиқади.