Россия армияси Харкив области шимоли-шарқида, Россия-Украина чегарасидан 4 км масофадаги Вовчанск шаҳрига кирди ва бошқа йўналишда — област марказидан шимолида жойлашган Липци қишлоғи томон олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда. 10 май куни Белгород области орқали Харкив томон бошланган юриш давомида чегара ҳудудидаги ўндан ортиқ қишлоқ эгаллаб олинган, Украина қуролли кучлари чегарадан бир неча километр ортга сурилишга мажбур бўлган. Украина раҳбарияти вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлинганини айтмоқда. Аммо россияликлар нима учун чегарадан ўтиб, бу қадар чуқур ёриб кира олди?

Россия Харкив фронтини очди. Бу нега рўй берди ва буёғига нима бўлади?

Россия армияси катта сув тўсиқлари ёқалаб икки йўналишда ҳужум қилмоқда.

Биринчиси — Травянский сув омбори қирғоқлари бўйлаб Харкивдан 16 км шимолдаги Липци посёлкаси йўналишида. Иккинчиси — Шимолий Дон дарёси ёқалаб област марказидан 45 км шимоли-шарқдаги Вовчанск шаҳрига.

Харкив областида вазият кескинлашгани муносабати билан Украина президенти Володимир Зеленский ўзи иштирокидаги барча халқаро тадбирларни кейинга қолдиришга топшириқ берган.

Россия қўшини Вовчанск ҳудудига шимолдан кириб келган ва шаҳарни шарқдан айланиб ўтган, деб хабар бермоқда немисларнинг Bild нашри ҳарбий эксперти Юлиан Рёпке. Унинг маълумотига кўра, Россия Вовчанск йўлида Плетенёвка, Огурцово, Гатишче ва Бугроватка қишлоқларини эгаллаб олган, бунга параллел равишда Липци томон юриш қилмоқда, аммо штурм фақат пиёдалар орқали амалга оширилмоқда. «Стрелка, Красное, Пилная, Борисовка эгалланган, Лукянка ва Глубокоега кирилган», — дея ёзади Рёпке Липци йўналишидаги вазият борасида.

Россияликлар Вовчанск ҳудудидаги позицияларни эгалламоқда, шаҳар оккупация қилинмоқда, дея унинг маълумотини тасдиқлаган Олий рада депутати Олексий Гончаренко.

Вовчанскда вазият оғир, душман шаҳардаги кўчаларни эгалламоқда, фаол жанглар давом этмоқда, деб хабар берган украин телеграм-каналлари полицияга таяниб.

«Вовчанскда шаҳар маркази ярим ҳалқага олинди, мерганлар фаол ишлаётгани туфайли яқинлашиш қийин кечмоқда», — дея ёзган россияликларнинг «Архангел спецназа Z» ҳарбий телеграм-канали.

Вовчанск аҳолисининг аксари эвакуация қилинган, маҳаллий расмийлар шаҳарда қолганларни ҳам зудлик билан бу ерни тарк этишга чақирмоқда

Украина қуролли кучлари бош штаби 15 майга ўтар кечаси Харкив областининг Лукянци (Липцини ўз ичига олади) ва Волчанск районларидаги бўлинмалар нисбатан қулайроқ позицияга кўчгани ҳақида хабар тарқатди.