19 апрелда имзоланган президент қарори билан, давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага бериш бўйича тузилган шартномалар доирасида юзага келадиган низолар ва даъволарга нисбатан, биринчи навбатда, медиация тартиб-таомили қўлланади.

Бунда, томонлар профессионал медиаторни ўзаро келишув асосида, инвестиция, хусусийлаштириш ва капитал бозорида тажрибага эга шахслар орасидан танланади.

Қарорда Давактив агентлиги ва бошқа идораларга 3 ой ичида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.

Хўш, хусусийлаштириш жараёнларида инвесторлар ва давлат органлари ўртасида қандай низолар келиб чиқиши мумкин, уларнинг асосий сабаблари нимада ва низоларни ҳал қилишда медиация нима учун керак? Айни саволларга Инвестиция институтлари миллий уюшмаси раиси Баҳодир Отахонов Kun.uz'га берган интервюсида гапириб берди.

Уюшмангиз хусусийлаштириш борасида инвесторлар билан қандай ишлайди?

— Биз нодавлат-нотижорат ташкилот бўлиб, юридик шахслар бирлашмасимиз. Асосий аъзоларимиз инвестор ва сотувчилар, инвестиция воситачилари ҳисобланади. Воситачилар иккала томоннинг муаммоларидан хабардор бўлади, чунки у давлат ва инвестор ўртасида битим имзоланишидан манфаатдор томондир. Биз иккала томоннинг муаммоларидан хабаримиз борлиги учун инвестор дуч келаётган муаммоларни давлат идораларига етказамиз. Биз ўзимиз кўтарган масалалардан тўғридан тўғри манфаат кўрмаймиз. Давлат идораси ва инвестор ўртасида кўприк бўлиб, муаммолар ижобий ҳал этилиши учун ҳаракат қиламиз.

— Хусусийлаштиришдаги низоларни ҳал қилиш учун медиация, бу нима дегани ўзи?

— Медиация тўғрисида 2018 йилдан бери амалда бўлган қонунимиз бор. Унда давлат идораларига фаолияти давомида юзага келадиган низоларни медиация тартиб-таомиллари қўллансин деган топшириқ берилган. Амалда унга риоя қилинишида оқсоқлик бўлган, қонунчилик амалиётда кўп қўлланмагани боис тажриба етарли бўлмаган.

Ундан кейин низоларни муқобил ҳал қилишнинг механизмлари бўйича 2020 йилдан сўнг Адлия вазирлиги бу соҳада тартибга солувчи орган этиб белгиланган. Қонунчилик анча етарли йўлга қўйилган, аммо унинг ижросида оқсоқлик бор.

Амалиётда кўп низолар давлат органлари томонидан судда кўрилиши афзал деб билинган. Суд тартиб-таомили билан кўриладиган низолар кўп вақт талаб этади ва кўпинча харажатлар ҳам катта. Низолар келиб чиқиш эҳтимоли баланд, улар бўлади ҳам. Шунинг учун тадбиркорлар, инвесторлар судда кўрилишини афзал кўрмаган. Бизнинг уюшма Инвестиция институтлари миллий уюшмаси бўлиб, асосан инвесторлар билан ишлаймиз, улар низоларни суд тартибида кўриб чиқишни якуний, агарда бошқа ҳеч қандай имконият кўрилмагандагина борадиган чора деб билишади. Медиация тўғрисидаги қонун билан бундай имконият яратилган, яъни муқобил усул билан низоларни ҳал қилса бўлади деган имкон бор. Ўтган ой қабул қилинган президент қарорида бунга яна бир бор урғу берилган: низо келиб чиқадиган бўлса, биринчи навбатда буни судга муқобил бўлган медиация йўли билан ҳал қилиш назарда тутилган.