Франциянинг денгиз ортидаги ҳудуди бўлмиш Янги Каледонияда бир ҳафтадан буён оммавий тартибсизликлар давом этмоқда. Бунга француз парламентининг оролдаги маҳаллий сайловларда метрополиядан келганларга овоз бериш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисидаги қарори сабаб бўлди, маҳаллий аҳоли вакиллари буни Парижнинг архипелагдаги таъсирини кучайтириш ҳамда уларга мустақилликка эришишга йўл қўймасликка уриниш сифатида баҳоламоқда. Франция Янги Каледонияда фавқулодда ҳолат эълон қилган — ва кутилмаганда Озарбойжонни норозилик намойишларини ташкиллаштиришга алоқадорликда айблаган.

Янги Каледония қандай жой ўзи?

Янги Каледония — Тинч океанида шу номдаги катта орол ҳамда унинг атрофидаги бир қанча кичик ороллардан иборат архипелаг бўлиб, Австралиянинг шарқий соҳилларидан тахминан бир ярим минг километр масофада, яшил қитъа ва Фиджи ороллари ўртасида жойлашган. Аввалига француз ҳукумати бу ҳудуддан маҳбусларни сақлаш жойи сифатида фойдаланган: 1864 йилдан 1897 йилга қадар бу ерга 22 минг атрофида жиноятчи юборилган. XIX асрда бу ердаги асосий маҳаллий аҳоли — канаклар (Меланезия халқларидан бири) бир неча бор исён кўтарган.

Бугунги кунда орол аҳолиси — 300 минг киши атрофида. Шундан 40 фоиздан ортиғини (112 минг киши) канаклар ташкил этади, яна 25 фоизга яқинини — европаликлар, қолган қисми — метислар ва бошқа халқлар вакилларидан иборат. Янги Каледонияда хром, кобалт, молибден ва олтин, шунингдек никел қазиб олинади, унинг захиралари бўйича Янги Каледония дунёда Индонезиядан кейинги иккинчи ўринда туради.

Янги Каледония Франциядан мухтор автономия бўлса-да, кўп масалаларда, жумладан мудофаа ва таълим масалаларида унга жиддий қарам. У шунингдек Париждан катта субсидиялар олади.

Янги Каледониянинг асосий шаҳри Нумеанинг ҳаводан кўриниши
Ariel Fuchs / Gamma-Rapho / Getty Images

Янги Каледония расман «махсус мақомга эга маъмурий-ҳудудий бирлик» сифатида Франция таркибига киради. Бундай алоҳида мақом 1998 йилда канакларнинг мустақиллик учун йигирма йил давом этган қуролли курашидан кейин француз қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, Янги Каледония Франция таркибида қолган, аммо Париж 20 йилдан кейин мустақиллик бўйича камида учта референдум ўтказилишини кафолатлаган. Референдумлар 2018, 2020 ва 2021 йилларда ўтказилди — уч сафар ҳам сайловчиларнинг кўпчилик қисми (56 фоиз, 53 фоиз ва 95 фоиздан) мустақилликка қарши овоз беришган.