“Аттракционлар хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.

Техник регламент инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, аттракционлардан фойдаланиш ва уларнинг хавфсизлиги хусусида истеъмолчиларни чалғитувчи ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Техник регламент талаблари Ўзбекистонда ва хорижда ишлаб чиқарилган, илгари фойдаланишга топширилган ва биринчи марта муомалага чиқариладиган, фойдаланишда йўловчиларга юзага келиши мумкин бўлган биомеханик хавфнинг I, II, III даражаларига эга биомеханик таъсир кўрсатувчи вақтинча ўрнатиладиган (ташиладиган) ва стационар (пойдеворда ёки пойдеворсиз ўрнатилган) қуйидаги аттракционларга нисбатан қўлланилади:

  • механизациялашган илгарилаб ҳаракатланувчи (шу жумладан сувдан фойдаланиладиган) аттракционлар;
  • механизациялашган айланма ҳаракатланувчи аттракционлар;
  • механизациялашган мураккаб ҳаракатланувчи аттракционлар;
  • автодромлар ва картинглар;
  • ҳаво билан тўлдирилган аттракционлар;
  • механизациялашган сув аттракционлари;
  • механизациялашмаган аттракционлар;
  • болалар учун мўлжалланган аттракционлар.

Аттракционларни ишлаб чиқаришда уларнинг лойиҳа-конструкторлик ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги таъминланиши керак.

Аттракционларнинг компонентлари ва деталларини ишлаб чиқариш учун фақат лойиҳа-конструкторлик ҳужжатларида назарда тутилган конструкция материаллари ишлатилиши керак. Лойиҳачи билан келишмасдан конструкция материалларини алмаштиришга йўл қўйилмайди.

Муҳим компонентлар учун пайвандланган бирикмаларга ва танланган материалларнинг пайвандланувчанлигига алоҳида эътибор берилиши керак.

Маҳкамлаш буюмлари лойиҳачи томонидан белгиланган ишончлилик талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Аттракционнинг хавфсизлиги боғлиқ бўлган материаллар, деталлар, мосламалар ва узеллар техник талабларга, ҳисоб-китоб тавсифларига ва техник регламентнинг хавфсизлик талабларига жавоб бериши керак.

Муҳим компонентлар ишлаб чиқарувчи ёки пудратчининг тамғасига эга бўлиши керак. Ушбу тамға компонентларни кейинчалик идентификациялаш имкониятини таъминлаш учун аниқ ва тушунарли бўлиши, кўриш учун осон бўлган жойга жойлаштирилиши зарур.