Жанубий Кореяда ҳам ҳикикомори атамаси кўп тилга олинмоқда. Бу атама жамиятга ёпилиб, фақат ўз дунёси билан яшайдиган кишилар учун ишлатилади. Унга оид ижтимоий жумбоқ 2021 йил апрел ойида Сеулдаги квартирасида ёш йигитнинг жасади топилгач, юзага қалқиб чиқади.

Ўшанда 16 кв метрлик ижара уйда яшайдиган йигит тўловни вақтида қилмагани сабаб уй эгаси квартирага боришга мажбур бўлади. Бироқ ижарачининг анча олдин вафот этганди. Ижара уйи тартибсиз ҳолатда эди. Йигитнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат ўрганилганда унинг ойлаб жамиятдан узилган шароитда яшагани аниқ бўлади. Ўшанда у пандемия сабаб ишидан бўшаган, уйига ҳатто газ бориши ҳам тўхтаб қолганди.

Ҳикикомори нима дегани?

Ҳикикомори асли япон тилидан олинган атама. Унга кўра, ёши катта бўлмаган одамлар ҳам жамиятдаги муаммолар ва оилавий кутувларга дош бера олмагани учун узлатга чекинишади. Пандемия даврида эса одамлар якка бўлиш муаммоси кўпроқ кучаяди.

2022 йилги статистикага кўра, Жанубий Кореяда 19 ёшдан 39 ёшгача бўлган 338 минг ёшлар жамиятдан узилган ҳолда ёлғизликда яшашни танлаган. Улар жамиятдан бутунлай узилган, ойлаб, баъзан ундан ҳам узоқ вақт давомида ўқишга, ишга боришмайди.

Жанубий Корея ҳукумати маълумотларига кўра, жамиятдан ажралган ҳолда яшашни танлаган ёшларнинг аксари камбағал оилалардан. Улар бу танловни бирор шахсий травма, мактабда содир бўлган буллинг, академик қийинчиликлар, оилавий низолар ёки ота-онасидан етарли эътибор кўришмагани сабаб қилишади.

Узлатни танлаган одамлар асосий вақтини ёпиқ бинода ўтказади, ўз эҳтиёжлари учун зарурат бўлганда технологиялар орқали ишларини битиришади. Уларнинг бу танлови жамият босими, ички хавотирлари, ишидан қониқмаслик ёки бошқа бир оилавий муаммо сабаб ҳам бўлиши мумкин.

Уларнинг бу танлови натижасида жисмоний ва руҳий саломатлигида муаммолар пайдо бўлиши хавфи туғилади. Ҳикикомори муаммосининг олдини олиш учун унга сабаб бўлган муаммони топиш, бу ҳолатга тушганларга ижтимоий ва руҳий кўмак бериш керак бўлади. Сабаби бу дунё ичида яшаётган одамлар жамиятни рад этади, кўпроқ виртуал реалликда яшашади.

2023 йилда корейс ҳукумати қамалиб олган ёшларни жамиятга қўшиш мақсадида улар учун ойига 500 долларлик нафақа таклиф қилган. Бу пулни 9 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар олиши мумкин. Бу пулни оладиганлар ўқишга ёки ишга қайтиши талаб этилади.