Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Финландия Украинага Россиядаги нишонларга қарши фин қуролини ишлатишга рухсат берди
Украина мудофаа мақсадида Россия ҳудудидаги нишонларга Финландия қуроллари билан зарба бериш ҳуқуқига эга, деди Финландия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен.
Украина қуролли кучлари Финландиядан олинган қуроллар билан Россия ҳудудидаги нишонларга ҳужум қилиши мумкин, деди Финландия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Элина Валтонен 29 май, чоршанба куни Uusi Suomi нашрига берган интервюсида. Унинг тушунтиришича, Украина мудофаа уруши олиб бормоқда ва шунинг учун ўзини ҳимоя қилиш мақсадида тажовузкор мамлакат ҳудудида жойлашган ҳарбий нишонларга зарба бериш ҳуқуқига эга. Ҳелсинки ҳукумати ўзи узатаётган ёрдамдан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай аниқ чекловлар ўрнатмаган, бироқ Украина бу қуроллардан халқаро қонунларга мувофиқ фойдаланишини кутмоқда, дея қўшимча қилди Валтонен.
НАТО иттифоқдошларини Украинага қўйилган чекловларни бекор қилишга чақирди
Бир неча кун олдин НАТО бош котиби Йенс Столтенберг The Economist нашрига берган интервюсида Ғарб давлатлари Украинага Россиядаги ҳарбий нишонларга ўзлари узатган қуроллар билан ҳужум қилишига рухсат беришлари кераклигини айтди. Столтенберг худди шундай баёнот билан НАТО Парламент ассамблеясининг Софияда бўлиб ўтган йиғилишида чиқиш қилган, шундан сўнг унинг иштирокчилари Украина армиясининг Ғарб қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилган. НАТОнинг баъзи давлатлари томонидан чизилган қизил чизиқлар «украиналикларнинг қўлларини боғлаб қўйгани» учун шундай қарор қабул қилиш вақти келди, деди НАТО бош котиби Софияда. Шу билан бирга, у сўнгги ҳафталарда Украинанинг Харкив вилоятида юзага келган фронтдаги оғир вазиятни эслади.
Эртаси куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Столтенбергнинг фикрига қўшилди. Украинага Россия ҳудудидаги нишонларни йўқ қилиш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга рухсат бериш «уруш меъёрларига кўра мутлақо мумкин» ва халқаро ҳуқуққа зид эмас, деди у. Боррелнинг сўзларига кўра, бундай қарор тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Айрим давлатлар чекловларни Россия Федерацияси билан муносабатларнинг янада кескинлашуви хавфи билан оқлайди, бироқ украиналиклар кескинлашув таҳдиди билан ўзларини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин эмас, дея қўшимча қилди Европа дипломатияси раҳбари.
Германия - Украинанинг Россия ҳудудига зарба беришига қарши
Россия Федерациясидаги нишонларни мўлжалга олиш учун Киевга топширилган қуроллардан фойдаланишга қўйилган тақиқни олиб ташлашни ҳозиргача рад этган давлатлар қаторида, хусусан, Германия ва Италия ҳам бор. Шу тариқа, Германия канцлери Олаф Шолц Украинага Германиядан келган қуроллар билан Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба йўллашга яна рухсат бермади. Бугун Берлин ва Киев «қурол узатиш бўйича аниқ қоидаларга келишиб олдилар, биз буни амалга оширамиз», деди Шолц. Ўз навбатида, Италия бош вазири Жоржа Мелони Столтенбергнинг баёнотларини тушунмаслигини айтди ва эҳтиёт бўлишга чақирди.
Германиядаги ҳукмрон коалиция ва мухолифатдан бир қатор сиёсатчилар Украина учун чекловларни олиб ташлаш тарафдори бўлиб турибди. Бундан ташқари, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон бу қарорни қўллаб-қувватлади. Қўшма Штатлар Россия Федерациясидаги нишонларга Америка қуроллари билан ҳужум қилинишига қарши.