Жаҳон | 15:09 / 01.06.2024
5727
2 дақиқада ўқилади

Швецияда ABBA мусиқачилари рицарлик унвонини олди

ABBA поп-гуруҳи аъзолари Швеция қироли Карл XVI Густав ва унинг рафиқаси қиролича Силвия қўлидан Ваза фахрий орденини олдилар. У охирги 50 йил давомида шведларга берилмаган. 

Фото: Henry Nicholls/Reuters

Швециянинг машҳур ABBA поп-гуруҳи мусиқачилари - Бенни Андерссон, Агнета Фелтског, Анни-Фрид Лингстад ва Борн Улвеус - биринчи даражали Ваза фахрий ордени рицарлари бўлишди, бу Швецияда рицарлик унвонини беришни англатади. Швециянинг Dagens Nyheter газетаси 31 май, жума куни ўз сайтида таъкидлаганидек, Швеция қироли Карл XVI Густав ва унинг рафиқаси қиролича Силвия қўлидан олинган мукофот мусиқачиларнинг мамлакат ривожига қўшган «алоҳида ҳиссаси учун» эътироф бўлди.

Нашрнинг эслатишича, қироллик оиласига мансуб бўлмаган шведларга Ваза ордени берилиши 1975 йилда бекор қилинган. Бироқ, 2022 йилда Швеция парламенти (риксдаг) бу анъанани қайта тиклади. ABBA мусиқачилари деярли 50 йил ичида биринчилардан бўлиб фахрий мукофотга сазовор бўлишди. Қарор 2024 йил март ойида эълон қилинган. 

Маросим 31 май куни Стокҳолмдаги қироллик саройининг «Оқ денгиз» залида бўлиб ўтди. Умуман олганда, Ваза ордени 13 шведга топширилди. ABBA гуруҳи аъзоларидан ташқари, мукофотни, хусусан, физиология ва тиббиёт ҳамда физика бўйича Нобел мукофоти лауреатлари Сванте Паабо ва Анн Л’Юилье, артист Ева Ридберг ва бошқа таниқли шахслар олишди. 

50 йил олдин, 1974 йилда ABBA «Евровидение» мусиқа танловида Waterloo қўшиғи билан ғолиб чиққанидан кейин бутун дунё бўйлаб шуҳрат қозонди. Ўшандан бери мусиқачилар 400 миллиондан ортиқ албом ва синглларни сотган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид