Харкив области шимолида Россия қўшини уч ҳафта олдин анча муваффақиятли бошлаган юриш Украина қуролли кучлари шошилинч тарзда захира кучларини олиб келиши туфайли сустлашди — ва июн ойи бошига келиб амалда тўхтаб қолди. Икки йўналишда ҳаракатланган Россия бўлинмалари Липци ҳудудидаги мустаҳкамланган истеҳкомларда ҳамда Вовчанск (русча Волчанск) шаҳридаги кварталларда қотди. Жанглар давом этмоқда, аммо кун сайин позицион характерга эга бўлиб бормоқда. Россия нимага эришди ва воқеалар ривожи қандай кечиши мумкин?

Россия мудофаа вазирлиги ўз ҳисоботларида украинларнинг Харкив областидаги мудофаасига ичкарилашда давом этилаётганини айтмоқда, аммо Z-блогерлар ҳам, бошқа мустақил манбалар ҳам қандайдир жиддий ҳудудий ютуқлар ҳақида маълумот бермай қўйган.

Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) сўнгги ҳисоботларидан бирида Россия қўшини Липцидан шимолдаги Глубокое ва Вовчанскдан ғарбдаги Старици қишлоқлари ҳудудларида бироз олдинга силжигани ҳақида ёзган. Украинанинг DeepState портали янгилаган харитасига кўра, гап юриш қилувчи томон бир неча кун ичида бир неча юз метр масофани босиб ўтгани ҳақида бормоқда.

«Яқин ҳафталар ичида биз томонимиздан катта миқёсдаги ютуқларни кутиш қийин, — деб ҳисоблайди россиялик „военкор“ Александр Коц. — Биз рақибни Волчанскдаги дарё ортига чекинтиришда давом этяпмиз, аммо энди эгалланган марраларда мустаҳкамлаб олиш ва қарши зарбаларга тайёрланиш лозим. Қарши зарбалар бўлишига эса шубҳа йўқ. Рақиб бу ерга катта гуруҳ олиб келгани бежиз эмас».

Фронт чизиғи Вовчанск марказидан ўтмоқда, урушгача 18 минг киши яшаган шаҳар вайронага айланган
Libkos / Getty Images

Россия шимолдан ҳужум қилиши билан нимага эришди?

Ўз-ўзидан маълумки, ҳозир фақат оралиқ натижалар ҳақида гапириш мумкин.

Май ойи бошидан буён Россия қўшини Украинанинг 280 кв. км ҳудудини эгаллаб олди, шундан 200 кв. км қисми — айнан Харкив области ҳудудида. Бир томондан, кўп эмас. Бошқа томондан, позицион уруш шароитида бунча ҳудудни қайтариб олиш — осон вазифа эмас.

Россия қўмондонлиги биринчи босқичдаги тактик муваффақиятни ривожлантиришга ҳаракат қилмади ёки буни уддалай олмади, ҳолбуки деярли жангсиз ва минимал йўқотишлар билан биринчи таъминот чизиғи ортда қолдирилган ҳамда украин мудофаасининг асосий чизиғига таҳдид юзага келтириш имконияти юзага келганди.