Бодрумга етиб бориш қийин эмас. Uzbekistan Аirways шанба кунлари Милас-Бодрум аэропортига тўғридан тўғри мавсумий чартерларни амалга оширмоқда. Бу — Эгей денгизи бўйлаб сайр қилиш учун ажойиб имконият.

Туркиянинг бошқа шаҳарларидан фарқли ўлароқ Бодрум яриморолида қарағайли ўрмонзорларни кўрмайсиз, қояли ва сердарахтли кичик тоғлар ўзимизнинг Самарқанд ва Шаҳрисабз ўртасидаги Тахтиқорача довонини эслатиб юборади. Шаҳар яшиллик ва гулларга бурканган. Гул ўстиришга бўлган ҳафсала ва эътибордан лол қоласиз.

Ҳавоси жуда майин ва мўътадил, доим енгил шабада эсиб туради. Айни кунларда ҳаво ҳарорати +30...+32, денгизда эса +24 даража, бемалол, маза қилиб чўмилса бўлади. Туркиянинг Ўрта Ер денгизи бўйида жойлашган бошқа шаҳарларидаги сингари димлик ва намлик йўқ. Бемалол, оилавий дам олиш учун ажойиб маскан.

Эгей денгизининг Kefaluka Resort ҳотелидан кўриниши

Бодрум Туркиянинг қизил томли бошқа шаҳарларидан ўз архитектураси билан ҳам буткул фарқланади. Бу ерда барча уйларнинг томи черепица ёки бошқа томёпмалар билан ёпилмаган, уйларнинг максимал рухсат этилган баландлиги 3 қават, уйлар асосан 2 қаватли ва энг асосийси — уларнинг барчаси оқ рангда. Бу ҳам шаҳарга қандайдир ўзига хос маҳобат ва орасталик бахш этади.

Уйлар маълум бир архитектура билан қурилади ва бу стандартга шаҳарда қатъий риоя қилиниши шарт экан. Қолаверса, Бодрум қаршисида Грециянинг Кос ороли жойлашган. Бир пайтлар бу ерда юнонлар яшаган. Шу сабабми, билмадим, турк архитектурасидан кўра юнон архитектурасининг нуқси ҳар қадамда билиниб туради.

Грециянинг Кос ороли Бодрумдан кўриниши.

Бодрум антик дунёнинг етти мўъжизасидан бири — Ҳаликарнас мақбараси жойлашган маскан ҳам ҳисобланади. Ҳозир 45 метрли мавзолейнинг вайроналари қолган холос. У 1402 йилда вайрон қилинган. Бу иншоот қадимий юнон шоҳи Мавзол шарафига эрамиздан аввалги 360 йилда ҳозирги Бодрумда барпо этилган. (Дарвоқе, мавзолей сўзи мана шу инсоннинг отидан келиб чиққан экан).